Ўзбекистонда октябрь ойида долларнинг расмий курси жадал ўса бошлади

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан белгиланадиган қиймати октябрь ойида янада жадаллашди.

    Масалан, йил бошида (4 январда) бир АҚШ долларининг расмий курси 2809 сўм 98 тийинни ташкил қилган бўлса, у шу йилнинг 19 сентябрь куни 3000 сўмлик довонни босиб ўтди. Йил бошидан шу йилнинг 3 октябрь ҳолатига 201 сўмга қимматлади. Бу ўтган даврда ҳар ҳафтасига ўртача 5 сўмга қимматлаганини кўрсатади.

    Аммо шу йилнинг 10 октябридан долларнинг сўмдаги қиймати ўсиши янада жадаллашиб, ўсиш ҳафтасига 18-19 сўмни ташкил қила бошлади. Натижада уч ҳафта ичида долларнинг расмий курси 55 сўм 15 тийинга қимматлаб, бугунги кунда 3065 сўм 35 тийинни ташкил қиляпти.

    Мутахассисларнинг фикрича, Марказий банк ҳар йили октябрь—декабрь ойларида валюта курслари қиймати ўсишини бирмунча жадалаштириши анъана тусига кирган. Масалан, 2015 йилнинг январь — сентябрь ойларида долларнинг расмий курси 198 сўм 6 тийинга қимматлаган бўлса, октябрь — декабрь ойларида 188 сўм 98 тийинга қимматлаган. Агар ўша суръат бу йил ҳам сақланиб қолинса, йил охирига қадар 240-250 сўм қимматлаш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

    Экспертларнинг ишонч билдиришича, Шавкат Мирзиёев валюта курсларини шакллантириш борасида қандайдир ташаббус билан чиқадиган бўлса, бошқароқ вазият ҳам юзага келиши мумкин.

    Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг расмий курси 2015 йилда долларга нисбатан 15,99 фоизга қадрсизланган эди. Марказий банк томонидан 2015 йил бошида ўрнатилган курс 2422,4 сўм бўлиб, бу йил охирига келиб, бу 387,58 сўмга қимматлашди. Натижада бир АҚШ доллари 2809,98 сўмдан баҳоланди.

    Ваҳоланки, 2014 йилда бу кўрсаткич 9,9 фоизни ташкил қилган эди.

    SHARE