Шавкат Мирзиёев: “Бундан кейин жойлардаги раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради”

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш зарурлигини талаб қилди.

Унинг фикрича, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт  келди.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, шу йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасига, вазирлик ва идораларга, барча даражадаги ҳокимликларга тушган мурожаатларнинг умумий сони 338 мингтани ташкил этди. Улардан 200 мингдан ортиғи ёки 60 фоизи туман ва шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу  рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади.

Ишга жойлаштириш, ер участкалари ажратиш, иш ҳақи ва пенсияларни ўз вақтида тўлаш масалалари бўйича мурожаатлар сони кўпайган. Айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир мурожаатларнинг ошгани, ишимиздаги камчиликлардан далолат беради. Шулар қаторида аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан бўлган эътирозлари ҳам талайгина.

Раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, баъзан одамларнинг эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқлиги, уларнинг мурожаатларига панжа орасидан қарашлари туфайли Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келаётган шикоятларнинг оқими доимий равишда ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, Бош вазирнинг яқинда Интернет тармоғида ташкил этилган виртуал, яъни, электрон қабулхонасига ўтган 3 ҳафта ичида 50 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.

“Бундай масъулиятсиз ва совуққон муносабатга қатъиян чек қўйишимиз шарт. Фуқароларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этиш давлатнинг халққа нисбатан асосий мажбуриятларидан бири эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишлари зарур. Бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, кўплаб давлат хизматчиларининг зиммасига катта масъулият юкланганига қарамасдан, уларнинг иш куни ва иш ҳафтаси аниқ меъёрга солинмагани ҳеч кимга сир эмас.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат хизматчиларига юксак талаблар қўйишдан олдин уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ва ҳимоя тизими билан мус­таҳкамлаш даркор.

Масаланинг ўта долзарблигини эътиборга олиб, давлат хизмати бўйича қонун қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

 

SHARE