Ўзбекистонда судьялар умрбодга сайланиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев

Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни таъкидлаган эди.

Унинг фикрича, бугунги кунда судларда ишларни кўриб чиқишда юз бераётган оворагарчилик жойларда фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Айнан шу нуқтаи назардан, қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг асосли, адолатли ва қонуний бўлишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш асосий масаладир.

“Энг ачинарлиси, кейинги  йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган. Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Бундан ташқари, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечиш вақти келди”, деган эди.

Унинг фикрича, суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак.

Шунинг учун судьяларнинг ваколат муддатларини узайтириш орқали судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 107-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасида суд тизими беш йил муддатга сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳарбий ва хўжалик судларидан иборат.

SHARE