Шавкат Мирзиёев: Коррупция, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар давлат ҳокимиятини обрўсизлантирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида жамият дуч келаётган муаммоларга ўз муносабатини билдирди.

“Биз бошимиздан кечираётган ҳозирги глобаллашув даври ўта шиддат билан ўзгараётгани ва турли таҳдидлар кўплиги билан олдимизга ҳал этишни кечиктириб бўлмайдиган ғоят мураккаб вазифаларни қўймоқда”, деди Ислом Каримов.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдириши мумкин бўлган таҳдидлар, ўз ечимини кутаётган энг муҳим муаммоли масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, геосиёсий ман­фаатлар тўқнашуви халқаро алоқаларда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларига путур етишига, қарама-қаршилик ва носоғлом рақобат кучайишига сабаб бўлмоқда.

Иккинчидан, жаҳон иқтисодий инқирози, дунё бозорларидаги беқарорлик, энергия ресурслари нархларининг пасайиши деярли барча давлатларнинг иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Табиий ресурслар учун кураш қатор давлатларда ҳарбий-сиёсий аҳволнинг кескинлашувига олиб келмоқда. Айрим мамлакатларни хомашё базаси ва сифатсиз маҳсулотлар бозорига айлантиришга интилаётган кучлар ҳам йўқ эмас.

Учинчидан, жаҳон иқтисодиё­тининг глобаллашуви ва баъзи минтақаларда юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса жиноятчилик, одам савдоси, террорчилик, экстремизм, наркотрафик каби иллатларнинг ҳамда ўта хавфли юқумли касалликларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Тўртинчидан, ахборот-коммуникация тизимларининг кенг қўлланиши, давлат бошқарувининг электрон шаклда ташкил этилаётгани, ўз навбатида, ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.

Бешинчидан, коррупция, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Олтинчидан, “оммавий маданият” балоси кўплаб ёшларни ўз домига тортиб, миллат ва юрт учун бутунлай бегона бўлган салбий таъсирлар кириб келишига сабаб бўлмоқда.

SHARE