Туркия парламенти раиси ўринбосари: “Ўзбекистон Гулен ҳаракати таҳдидини анча аввал пайқаган эди”

Туркия парламенти (Буюк Миллат Мажлиси) раисининг ўринбосари Эрбай Кужет Ўзбекистон Фатҳулла Гулен бошчилигидаги террорчи ташкилот таҳдидини анча аввал пайқаганини эътироф этди.

Туркия парламенти вакили мазкур масалага 17 октябрь куни ўрта осиёлик журналистлар, жумладан kun.uz вакиллари ҳозир бўлган Анқарадаги “Тарих ва миллий бирликни англаш” мавзусидаги машварат доирасида ташкил этилган учрашувда тўхталиб ўтгани ҳақида Собир Салимнинг “Туркия парламенти раиси ўринбосари: “Ўзбекистон FETÖ таҳдидини анча аввал пайқаган эди” номли мақоласида сўз юритилади.

“Ўзбекистон FETÖ – Фатҳулла Гулен террорчи ташкилотига қарши тегишли чора-тадбирларни ўз вақтида кўрганини таъкидлашни истардим. Ўша даврда бунинг учун Ўзбекистон томони танқид қилинган эди. Аммо вақт ўтиб, FETÖ’га қарши қўлланган чоралар тўғри эканини кўрсатмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон томонидан миннатдормиз”, – деди Туркия Буюк Миллат Мажлиси раисининг ўринбосари Эрбай Кужет.

Қайд этилишича, FETÖ узоқ йиллар мобайнида ғаразли мақсадини устомонлик билан яшириб келган. 15 июль куни Туркияда рўй берган давлат тўнтаришига уриниш пайтида эса ташкилотнинг асл қиёфаси намоён бўлган.

Мазкур баёнот Ўзбекистоннинг ҳавфсизлик масаласида узоқни кўра билиши, таҳдидларни олдини олишдаги самарали фаолият йўлга қўйилганлигидан далолат беради. Ўз вақтида Ўзбекистон ҳукумати турк лицейлари ва кўплаб шу каби турк молиявий манбалари асосида фаолият юритувчи муассасаларни миллий хавфсизликка таҳдид дея баҳолаб уларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги фаолиятига чек қўйган эди.

Турк расмийси тан олганидек, ўша вақтда ҳатто туркларнинг ўзи чуқур англаб етмаган ушбу хавф бугун асл ниятини ошкор қилди.

 

SHARE