Фарғонада ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

2016 йил 18 октябрь куни Фарғона вилояти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг режа асосида парвоз қилган Ми-171 вертолёти ҳалокатга учради. Ҳалокат оқибатида 3 экипаж аъзоси ва вертолётда бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 6 ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилиишча, авиаҳалокат сабабларини текшириш бўйича махсус комиссия ташкил этилди.

Ўзбекистон раҳбарияти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида Мудофаа вазирлигига тегишли Ми-171 вертолёти ҳалокатга учрагани муносабати билан Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Қирғизистон халқи ва шахсан ўз номимдан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўрайман», — дейилади Атамбаевнинг таъзияномасида.

SHARE