Ўзбекистон ҳукумати 2017 йил учун давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқди

2016 йил 12 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда келгуси йилнинг энг муҳим молиявий-иқтисодий ҳужжатлари бўлган – 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама қилинди ҳамда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган 2017 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози бўйича таклифлар муҳокама қилинди ва қўллаб-қувватланди. Уларда ялпи ички маҳсулотни, инвестициялар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш ҳажмларининг жадал ўсиш суръатларини ҳамда нархларнинг умумий даражаси ўсишини сақлаш ҳисобига макроиқтисодий барқарорликка эришиш назарда тутилган.

Мажлисда 2017 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришни, маҳаллий бюджетларнинг ва мақсадли бюджетдан ташқари фондларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашни, шунингдек, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини молиялаштиришнинг устуворлиги сақланишини назарда тутувчи таклифлар бирма-бир кўриб чиқилди.

Солиқ юкини камайтириш бўйича энг муҳим чора-тадбирлар қаторида иқтисодиёт тармоқларига солиқ юкламасини сезиларли юмшатадиган айрим солиқ имтиёзлари амал қилиш муддатини узайтириш назарда тутилган. Булар солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда сақлаб қолинадиган маблағларни ўз фаолиятини янада ривожлантириш ва модернизациялаш, ходимлар иш ҳақини ва инвесторлар даромадини оширишга йўналтириш имконини беради.

Қайд этиб ўтилдики, солиқ сиёсати концепциясида назарда тутилган рағбатлантирувчи чора-тадбирларнинг амалга оширилиши келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини янада камайтиришни таъминлайди.

Мажлисда 2017 йилги Давлат бюджети харажатларининг асосий параметрларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишлаб чиқилган Давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий харажатларни молиялаштиришга қарийб 60 фоиз маблағлар ажратилиши ушбу лойиҳада юқори ижтимоий йўналтирилганлик сақланиб қолгани қайд этиб ўтилди. Келгуси йилда бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорларини янада ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базаси ва жиҳозланганлигини мустаҳкамлашга оид ишларни давом эттириш назарда тутилмоқда.

Республика Ҳукумати мажлисидаги муҳокамалар натижалари бўйича 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепциялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳамда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари маъқулланди ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун юборишга қарор қилинди.

SHARE