Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этилади

Шу йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ургут туманида ташкил қилинган саноат зонасини бориб кўрди.

ЎзАнинг ёзишича, майдони қарийб 42 гектар бўлган бу ҳудудда 40 саноат корхонаси, жумладан, 19 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1 минг 200 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Ўтган йили саноат зонасида қиймати 157,5 миллиард сўмлик 20 турдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, экспорт ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошди. Хусусан, бу ерда маҳаллий хомашёдан гилам ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар, полимер елим ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда.

2017 йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича яна 78 лойиҳани амалга ошириш ва 3 минг 400 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилаётгани таъкидланди.

Туман ерларидан унумли фойдаланиш, хусусан, адирли ерларга ёнғоқ, бодом, ток, унаби каби экинлар экиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ургут туманининг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этилишини алоҳида қайд этди.

Ургут тумани ҳокимлигида Самарқанд вилояти фаоллари билан бўлган учрашув аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олиниб, ҳурмат бажо келтирилди.

Йиғилишда Ургут тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди.

SHARE