Америкада 18 яшар ўзбекистонлик қуролли тажовуз қурбони бўлди

    Шу йилнинг 2 октябрь куни Мэриленд штатининг Балтимор шаҳрида ўзбекистонлик Сардор Файзиев отиб кетилди. uz-rek.com сайтининг ёзишича, 18 яшар йигит дўстлари билан ўз машинасида бўлган ҳамда қуролланган кишилар ҳужумига учрайди.

    Полиция вакилларига кўра, у машинанинг орқа ўриндиғида бўлган ва бош қисмидан ўқ еган. Жабрланувчини зудлик билан шифохонага олиб боришган бўлса-да, ҳаётини асраб қолиш имкони бўлмади.

    Сўнгги маълумотларга кўра, полиция бир нафар гумондорни қўлга олган. Брайн Лионель Гонсалес исмли шахс шахс ушбу қотилликда гумонланмоқда. У биринчи даражали қотиллик ҳамда биринчи даражали тажовуз қилишда айбланмоқда. Гумонланувчи шахс Балтимордаги қамоқда сақлаш муассасасида гаров киритиш ҳуқуқисиз сақланмоқда.

    Йигитнинг ота-онаси 2006 йилда Америкага кўчиб ўтган бўлиб, Franklin High School таълим муассасасида таҳсил олган эди. У оилада ёлғиз бўлган.

    Марҳумнинг ота-онаси фарзанди жасадини Ўзбекистонга олиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига мурожаат қилиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириляпти.

    gofundme.com сайтида марҳумнинг ота-онасига ёрдам бериш учун маблағ йиғиш акцияси ўтказиляпти.

    SHARE