Қирғизистон ҳукумати ва жамоатчилигининг Андижонга ташрифи катта қувонч билан кутиб олинди

    Жорий йилнинг 1 октябрь куни Андижонга қўшни Қирғизистондан ҳукумат вакиллари, жамоат фаоллари ва бир гуруҳ ёшлари Андижонга ташриф буюришди.

    Бу ҳақда sharh.uz портали ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Камолот” ЁИҲ Андижон вилоят фаоллари Муслимбек Туланов ва Хуршида Аъзамжоноваларга таяниб хабар бермоқда. Делегация аъзолари 130 нафарни ташкил этиб, улар орасида ҳукумат вакилларидан ташқари санъат, илм-фан соҳаси вакиллари, турли жамоат ташкилоти фаоллари ҳам бор.

    Меҳмонлар чегарада кутиб олиниб, дастлаб Андижондаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли боғга саёҳат ташкил этилган. Шунингдек, Аҳмад Ҳожи маҳалласида жойлашган “Дўстлик уйи”да меҳмонлар учун дастурхон ёзилган.

    Меҳмонлар ўз ташрифларидан қувончларини яшира олишмаган. Улар орасида Андижон давлат университети ва юртимиздаги бошқа олийгоҳларда таҳсил олган собиқ талабалар бўлиб, талабалик йиллари юртимизда ўтказган кунлари, дўстларини ёдга олишди.

    Хуршида Аъзамжонова шундай ёзади: “Қардош Қирғизистондан гўзал Андижонимизга ташриф буюрган делегация аъзоларидан бири Қирғизистон аёллар қўмитасининг раисаси Аҳмедова Зуҳрахон опа ҳам ўз қувончини ичига сиғдира олмади ва шундай деди: Туманимизда 32 минг аҳоли яшайди. Бугунги байрам уларнинг барчасининг қалбларини катта қувончга тўлдирди. Бу севинчни бир сўз билан сизларга тушунтириб беришим қийин. Буни қарангки, турмуш ўртоғим билан ҳам айнан шу ерда танишгандим. Мана неча йилларки ўтиб яна қайтиб келиш менга насиб қилди. Бундан жуда хурсандман. Илоҳим, бу дўстлигимизга ҳеч қачон кўз тегмасин”.

    “Меҳмонларимиз орасида нафақат давлат арбоблари, балки театр соҳаси вакиллари ҳам қатнашмоқдалар. Ўш шаҳрида жойлашган Бобур театри актрисаси Бахтиёрхон Маматова ҳам ўзининг фикрларини биз билан баҳам кўрдилар. Бу борада Андижонга келаётганда кўзларига ҳатто ёш олганликларини ҳам яшириб ўтирмадилар.

    Менинг опам Ойим қишлоғига тушганлар. Ҳозирда ўқитувчи бўлиб ишлайдилар. Охирги марта Андижонга беш-олти йил олдин келгандим. Мана яна шу тупроққа қадам қўйиш бахтига муяссар бўлдим. Дўстлигимиз абадий бўлсин. Икки халқнинг санъати бир-бирига ўхшайди. Бундан кейин санъат соҳасида ҳам тажриба ва фикр алмашиш мақсадида турли тадбир ва фестиваллар ўтказишни режалаштирдик”.

    Делегация аъзолари янгидан реконструксия қилинган Андижон вилояти темир йўл вокзали билан ҳам яқиндан танишишди.

    Асосий тадбирлар Андижон давлат университети бўлиб ўтган.

    09-272temir-yul 09-271andijon1 09-272andijon3

    SHARE