Тошкентда муқаддам ёпилган бир қанча кўчалар очилмоқда

Тошкентда шанба куни Мустақиллик кўчасининг муқаддам ёпилган бир қанча участкаларини очишга тайёрлаш ишлари бошланди. Бу ҳақида газета.uz сайти хабар тарқатди.

Қурилиш техникалари ва ишчилар Мустақиллик ва Абдулла Қодирий кўчалари чорраҳасидаги йўл ўтказгич (Ҳамид Олимжон майдони) қаршисидаги қиялик йўлини тозаламоқда. Ўзбекистон пойтахти ҳокимияти вакиллари мазкур участка айнан қайси муддатда очилишини маълум қилгани йўқ, бироқ ишларни жадаллик билан олиб боришга ваъда бермоқда. Мазкур йўлнинг очилиши шоҳ кўчада Шаҳрисабз кўчасидан Олой бозорига томонга ҳаракатланувчи автотранспортлар оқимининг сезиларли даражада камайишига хизмат қилиши лозим.

Яқин кунларда ўтган йилнинг июль ойида ёпилган Сайрам кўчасининг 7-тор кўчаси билан кесишган қисми (Давлат статистика қўмитаси биноси яқини)нинг ҳам очилиши кутилмоқда. Бу эса шу атрофда яшовчи фуқароларнинг ишга ва уйга қатнашидаги масофани бир неча километрга қисқартиришга имкон туғдиради.

Бир вақтнинг ўзида Мустақиллик ва Оққўрғон кўчалари кесишмасидаги чорраҳанинг очилиши бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилди. Ўтган йилнинг августида бу ерга қарама-қарши томонга ҳаракатланишни бутунлай чеклайдиган тўсиқлар ўрнатилган эди.

Қурилиш ишларида иштирок этаётган турли хизматлар ишчилари турли йилларда ёпилган бошқа кўчаларнинг ҳам очилишини истисно этмади.

SHARE