Абдулазиз Комилов ва Эмомали Раҳмон икки давлат фуқароларининг ўзаро борди-келди масалаларини муҳокама қилишди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Душанбега амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловни кутиб олди. Бу ҳақида “Khovar” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Томонлар Тожикистон — Ўзбекистон муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди ҳамда уни янада кенгайтириш йўлларини кўриб чиқишди.

Учрашув давомида охирги вақтда икки давлат ўзаро муносабатларидаги ижобий тенденциялар, жумладан савдо айланмаси ҳажмининг ошиши, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳукуматлараро комиссияси ишининг фаоллашгани ҳамда доимий сиёсий маслаҳатлашувлар ва юқори даражадаги мулоқотларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар шунингдек долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилишди ҳамда Марказий Осиёда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг бош шарти сифатида минтақавий хавфсизликни таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратишди.

Ўзаро саъй-ҳаракатлар соҳасида кўплаб нарсаларга эришилгани ва икки давлатнинг тегишли тузилмаларига давлатлараро алоқаларнинг бутун мажмуасини ривожланишнинг янги босқичга чиқариш мақсадида режали асосида иш олиб бориш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Тожикистон президенти ўзаро муносабатлар Тожикистон ташқи сиёсатида устувор характерга эгалигини қайд қилиб ўтди.

Тожик-ўзбек муносабатларининг бутун мажмуасини сермазмун илгари суриш учун қулай шароит яратишнинг муҳим омили сифатида иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги даражасини ошириш биринчи навбатдаги муҳим масала сифатида белгиланди.

Шу билан бир вақтда, сув-энергетика ва транспорт-логистика соҳалари, икки давлат фуқароларининг борди-келди масалалари фаол ўзаро саъй-ҳаракатларни талаб қилувчи йўналишлар сифатида эътироф этилди.

SHARE