Америкага қанча пул билан бориш керак?

Жуда кўпчилик Америкага бориш учун ўзи билан қанча пул олиши кераклигини сўрайди. Бу саволга қозоғистонлик блогер Темирхан жавоб беришга ҳаракат қилади.

Бу саволларга бирданига жавоб бериш қийин. Аммо бир неча постларда ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Шундай қилиб, “ўзим билан қанча пул олишим керак?” деган савол жуда ҳам мавҳум. Қанча муддатга келаяпсиз? Инглиз тилини ўрганиб, ватанингизга қайтмоқчимисиз? Бир неча йил ишлаб, пул тўплаб, ортга қайтмоқчимисиз? Ким билан келаяпсиз? Ўзингиз ёки оилангиз билан?

Ёшларга кўп айтадиган бир маслаҳатимни шу ерда ҳам айтаман: сен ёш, куч-қувватга тўлган пайтингда кўп нарсанинг аҳамияти бўлмайди. Масалан, сиз дўстингизнинг уйида ҳафталаб даҳлизда битта кўрпачада ҳеч қанақа эътирозсиз яшашингиз мумкин, суткасига олти соат ухлаб, иккита ишда ишлашингиз, айни пайтда эрталаб яна ҳеч нарса кўрмагандек ишга отланасиз. Ёшингиз 30 дан ошар экан, тилни ўрганиш шунча қийинлашади, иккита ишда ишлаш ҳам осон кечмайди.

Шунинг учун бўлиши мумкин бўлган харажатларни алоҳида кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиламан.

“Олтин” иммигрант пакети

Шаҳарнинг яхши жойидан уй ижарага оласан, қўриқлаш хизмати бор. Ёлғиз яшайсан, мебель ҳам янги (ўзинг олишинг мумкин ёки уйнинг эгасиники бўлиши мумкин). Бу ойига 1200 доллардан 3000-4000 долларгача туриши мумкин.

“Bills” ёки бизники сингари коммунал тўловлар ва интернет: 40 доллардан бошланади, электр учун 40 доллар.

Ўз машинангда ёки ижарага олинган машинада юрасан: ойига 600 доллардан ва ундан ҳам қимматроқни ташкил қилади. Бензин нархи бир галлон (4 литр) учун 2,19 долларни ташкил этади.

Магазиндан фақатгина органик, яъни табиий маҳсулотларни харид қиласиз. Бунинг учун ҳам ойига 700-1000 доллар сарфлайсиз. (Маҳсулотлар саватчасида энг қимматлари пишлоқ, мевалар ва вино ва бошқалар бор).

Ҳар дам олиш кунлари таъбга қараб, дўст ва танишларингиз билан кўнгилхўшлик қиласиз. Албатта, жойига қараб ҳам бу киши бошига 80 доллардан 200 долларгача кетиши мумкин.

Телефон, анлимит интернет 50 доллардан 90 долларгача кетади.

Тренажер залига қатнайдиган бўлсангиз, агар у сиз турадиган уй ичида бўлмаса, ойига 10 доллардан 200  долларгача харажат қилиниши мумкин.

Шундай қилиб, жами: 1200+80+600+700+80*4+50+0=$2950.00 ойига камида харажат қиласиз.

“Ўртамиёна” иммигрант пакети

Хўжайинли квартирада ижарада турасан. Салбий тарафлари кўп. Масалан, уйнинг эгаси ўз уйида билганидек яшайди, истаган одамини олиб келади. Фаросатдан қисган бўлса, уйда суварак, қурт-қумурсқалар қўним топган бўлади.

Лекин ижара ҳақи ойига, шаҳар, мебель ва бошқа қулайликларига қараб, 500-900 доллар бўлиши мумкин. Коммунал тўловлар хўжайин билан тенг бўлинган ҳолда тўланади ёки ажара таркибига киритилган бўлади. Иложи борича, коммунал тўловлар ижара пулининг ичида бўлишига келишиб олинг.

Ўртамиёна магазинларда маҳсулотларни харид қиласиз. Бу сизга ҳафтасига 80-100 долларга айланади. Маҳсулотлар саватчасида барча озиқ-овқат, яъни пишлоқ, гўшт, тухум, сут, творог, йогурт, мева ва сабзавот маҳсулотлари бўлади. Агар икки киши ўртасида ушбу маҳсулотлар тақсимланса, у сизга янада арзонроқ тушади.

Агар метрода қатнайдиган бўлсанг, бир томонга йўл кира ҳақи, хотирам адаштирмаса, 2,25 доллар туради. Агар ойлик йўл карточкасини оладиган бўлсанг, янада арзонроқ бўлади. Автобусда юрсанг ҳам шунга яқинроқ харажат қиласан.

Кўнгилхўшлик ҳам танлаган пакетингга қараб: 30 долардан бошланади. “Олтин” пакетли иммигрант сени “ўзиники” сифатида қабул қилишни истасанг, 100 долларгача сарфлайсан.

Телефон, 4гб интернет, чегараланмаган миқдорда қўнғироқ ва смслар учун 35 доллардан 50 долларгача тўлайсан. Буям кўпроқ провайдерга боғлиқ. Транежар, агар хўжайин яшайдиган уй таркибида бўлса, бепул бўлади. Йўқса, ойига 10 доллар тўлашга тўғри келади.

Жами: 500+80+30*4+35+10=745 доллар.

“Чидаганга чиқарган” иммигрант пакети

Бунда сизга ўхшаган иммигрантлар бирга квартира ижарага турасиз. Минус тарафи нафақат ҳожатхона ва ювиниш хонаси умумий бўлади, айни пайтда бир хонада бир неча киши тунаши мумкин. Кечқурун ҳуррак отадиганларни гапирмаса ҳам бўлади, бу пакетни чидаганга чиқарган. Озгина сабр қилсангиз, пул топиб, “Ўртамиёна” пакетига уланасиз.

Бундай кварталларда тунда сайр қилиш ёки кока-кола олиш ниятида кўчага чиқиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Яхши тарафи бундай квартираларга ойига 250-350 доллар тўлаш мумкин. Ҳафтасига 30 доллар  тўлаб, сосиска, тухум, нон, товуқ гўшти, гуруч ва арзон ичимликларни харид қилиш мумкин. Автобус ёки пиёда юрасиз. Кайф-сафо қилиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Нимаики қилинса, квартирага олиб келинади.

Телефонга ойига 35-50 доллар кетади. Агар икки киши битта телефон тутса, нарх икки баравар арзонлашади. Ушбу пакетда сиз ойига 300 доллар сарф-харажат қиласиз. Йўл кира қўшилмади.

“Бечора” иммигрант пакети

Бу пакетнинг минусларини айтишга ҳожат йўқ. Ойига 200 доллар ёки уч ҳафта текин яшашга рухсат беришлари мумкин. Емакка хитой лапшаси, тухум, сосиска ва арзон ичимликлар. Бу пакет вакиллари ойига 210-220 доллар сарфлаши мумкин.

***

Тураржойларнинг ижараси албатта штат, шаҳар, туман ва бошқа қулайликлар сингари омилларга қараб фарқланади. Квартирани ижарага олишдан олдин сиздан биринчи ой учун тўлов, охирги ой учун тўлов, шунингдек, гаров пули сўрашлари мумкин.

Бундан ташқари, сиздан банкда маблағингиз борлиги ҳақида маълумотнома, кредит тарихи ва кафилдан кафолат хати талаб қилишлари мумкин. Квартирага биринчи ва охирги ой учун тўланг, ҳеч қачон гаров пули берманг.

SHARE