Жанубий Корея Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини қуришга 250 миллион доллар кредит беради

Тошкент ва Сеул чоршанба куни Ўзбекистондаги янги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги меморандумни имзолади, дея хабар қилмоқда Yonhap агентлиги Корея Республикаси Стратегия ва молия вазирлигига таянган ҳолда.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, икки мамлакат молия вазирлари Рустам Азимов ва Ю Ил Хонинг Сеулда бўлиб ўтган музокараларида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистондаги лойиҳаларда Жанубий Корея компаниялари иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Меморандумга мувофиқ, Корея Республикаси ҳукумати 1987 йили имтиёзмли заёмлар ажратиш йўли билан ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт давлат жамғармаси орқали 250 млн доллар миқдорида маблағ ажратади. Мазкур маблағлар Тошкент аэропортининг янги халқаро терминали қурилиши ҳамда миллий датамарказ ташкил этилиши учун сарфланади. Ўзбекистон томонидан лойиҳага 100 млн доллар ажратилади.

Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги йирик савдо шерикларидан ҳисобланади. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 1,3 млрд доллар, бир йил аввал эса 2,1 млрд долларни ташкил этган.

SHARE