Руфат Рисқиевнинг оёғи ампутация қилинди

    Ўзбекистонлик машҳур боксчи, жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев оёғида гангрена бошлангани сабабли шифокорлар унинг ўнг оёғини тиззадан пастини кесиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказган. Бу ҳақда бокс мураббийи Мурат Эргашев Facebook’даги саҳифасида ёзган.

    «Дўстлар, Тошкентдан қайғули хабар келди. Бизнинг машҳур чемпионимиз — Руфат Рисқиевнинг оёғи веналар тромбозининг оғирлашиши туфайли ампутация қилинди», — дея ёзган у.

    Руфат Рисқиев Тошкент шаҳридаги 16-шифохонада ампутация қилинган ва айни вақтда шу шифохонада қолмоқда. Жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган Руфат Рисқиевнинг саломатлиги тикланмоқда, ҳозир ўзини яхши сезмоқда.

    Бундан бир неча йил олдин ҳам собиқ боксчи иккала оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказган. Шифокорлар қаттиқ парҳез ва даволаш талабларига риоя қилишни буюрганди.

    2 октябрь куни 67 ёшини қаршилайдиган Руфат Рисқиев 1974 йилда Гаванада жаҳон чемпиони бўлишга эришган. Чемпионлик жанги оғир кечган, жанг пайти қўл суякларининг етти жойи синган. У шунингдек, 1976 йилги Монреаль Олимпиадаси кумуш медали соҳиби ҳисобланади.

    Руфат Рисқиев ўз спортчилик фаолияти давомида 189та жанг ўтказиб, 174тасини ғалаба билан якунлаган. Жаҳон чемпионлиги ва Олимпиададаги муваффақиятидан ташқари, 2 марта Собиқ иттифоқ чемпиони бўлган.

    1997 йилда WBA ҳакамлар ҳайъати аъзолигига киритилган Руфат Рисқиев марказий осиёлик биринчи профессионал бокс ҳаками бўлган эди.

    SHARE