АҚШ президентлигига номзодлар: ким кўп ёлғон гапирди?

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп рақиби Ҳиллари Клинтон билан бўлиб ўтган биринчи дебатда, экспертлар фикрича, мағлубиятга учради. CNN телеканали сўровига кўра, 62 фоиз томошабинлар ғолибликни Клинтонга раво кўришган, 27 фоизи эса Трамп дебатларда ғалаба қозонди, деб ҳисоблайди. Шундай бўлса-да, кузатувчилар CNN аудиторияси асосан демократлар партиясига мойил кишилар эканини қайд этишган.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, дебатдан сўнг долларнинг курси еврога нисбатан $1,1244 дан $1,1245 га ўсган. Трампнинг рейтингига қараб ўзгариб турадиган Мексика песоси эса долларга нисбатан 2 фоизга ўсган. Аналитикларнинг фикрича, акциялар бозорига Клинтоннинг башорат қилиш мумкин бўлган сиёсати кўпроқ маъқул.

Дебат пайтида Трамп ўзига одат бўлиб қолган ишни, яъни ёлғон, ҳеч қанақа асосга эга бўлмаган, айни пайтида осон раддия бериладиган мисолларни такрорлашга уринди. Масалан, CNN журналистлари муҳокама қилинган 10 масаладан 6 тасида Клинтон ғалаба қозонганини, 5 та масалада Трамп тўғридан-тўғри ёлғон сўзлаганини маълум қилди. The Washington Post газетаси муҳокама қилинган 22 та масаланинг 12 тасида Трамп ёлғон ёки сайловчиларни чалғитадиган баёнотлар қилганини маълум қилди.

Клинтон Трампнинг нозик жойларидан фойдаланишга уриниб кўрди. Қизғиз баҳсларда у томошабинларни муҳокама қилинаётган мисолларни сайти орқали текшириб кўришни сўраб, рақибини ирқчилик, иккиюзламачиликда айблади. Трамп эса Ҳиллари Клинтон хонимни ҳам иккиюзламачилик, лаганбардорлик ҳамда уқувсизликда айблади. “Натижада айнан Клинтон Трампни ҳимояланишга мажбур қилди. Бу билан дебатга жиддий ҳозирлик кўрганини намоён этди”, деб ёзади The Wall Street Journal газетаси.

SHARE