Ўзбекистонда ноқонуний “молиявий пирамидалар” ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатнинг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун имзоланиб, “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинди.

Унга кўра, ноқонуний равишда молиявий эҳромлар ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Жумладан, унда қайд этилишича, мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ҳамда шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш, худди шунингдек мазкур фаолиятда иштирок этишга жалб қилиш мақсадида ушбу фаолиятни реклама қилиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда реклама қилиш –

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш:

а) кўп миқдорда;

б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, –

етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ёз ойида ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилояти Чиноз туманила истиқомат қилувчи Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг яқин қариндошларининг уй-жойлари ва уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 миллиард 139 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар борлиги аниқланди ва бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинган эди.

 

SHARE