Норвегиянинг қарийб бир триллион долларлик захира фонди: сарф-харажатда ахлоқ қоидаларига суяниш лозим

Бундан 20 йил аввал Норвегия нефть қазиб чиқаришдан тушган даромадларини махсус захира фондига йиға бошлади. Бу пул 2016 йилнинг сентябрига келиб, 882 миллиард долларга етди ва мамлакат ялпи ички маҳсулотидан икки баробар ошиб кетди.

Бугунги кунда ушбу фонд маблағларини оқилона сарфлаш бўйича сиёсатчилар боши қотган. Чунки катта миқдордаги ушбу пуллар шундай сарфланиши керакки, аҳоли бундан ҳаволаниб кетмаслиги, ялқовланиб қолмаслиги ва ахлоқ меъёрларига зид иш тутилмаслиги лозим.

The Economist журналида чоп этилган мақолада айтилишича, Норвегия нефть фонди 1990 йилда келажак авлод учун барқарор захира сифатида яратилган. Ўшанда мамлакат ҳукумати нефть экспортидан келиб тушаётган даромадни хорижий компаниялар, ривожланаётган бизнес ва облигацияларга инвестиция қила бошлади.

Бугунги кунга келиб, бутун дунё бўйлаб 9 мингдан ортиқ компанияларда унинг улуши бор, бу Европа биржасида рўйхатдан ўтказилган барча акцияларнинг икки фоизидан ва жаҳон иқтисодиётининг бир фоизидан кўпроғи демакдир.

Фонд Nestle, Alphabet, Microsoft ва Apple сингари йирик компаниялар акцияларини, шунингдек, АҚШ, Германия ва Япониянинг давлат облигациялари ташкил қилади.

2016 йилнинг сентябрига келиб, инвестициялардан тушган даромад 7,3 триллион Норвегия кронини (882 миллиард доллар) ташкил қилди ва мамлакат ялпи ички маҳсулотидан икки баробар ошиб кетди. Бу эса Норвегия захира фондини дунёдаги энг катта фондга айлантирди.

Ушбу фаровонлик фонди маблағлари 2016 йилнинг бошига қадар сарфланмасдан келинаётган эди. Нефтнинг нархи кескин тушиб кетганидан кейин мамлакатда турғунликнинг олдини олиш учун фонднинг маълум бир қисми ишлатилди.

Норвегия захира фондининг ўзига хослиги шундаки, мамлакат ҳукумати уни тежамкорлик, шаффофлик ва ошкоралик тамойилларига асосланиб бошқармоқда. Ҳар бир фуқаро инвестиция оқимини онлайн режимида кузатиш имконига эга.

Пул маблағларининг катта захирасига қарамай, бюджет қоидалари ҳукуматга белгиланган йиллик даромаднинг 4 фоизидан кўпроғини сарфлашга имкон бермайди. Асосий капитал эса дахлсизлигича қолмоқда.

Пул маблағларининг тежалиши мамлакатнинг қишлоқ жойларида икки авлод илгари ҳукмрон бўлган қашшоқликни яхши эслашлари билан боғлиқ.

Манбада маълум қилинишича, норвегияликларнинг менталитети сўнгги пайтларда ўзгармоқда ва мамлакат фуқаролари бойликларини кўз-кўз қилишдан қўрқишмаяпти. Ёши 50дан кичик бўлган кишилар мамлакатнинг қачонлардир ночор вазиятда қолганини билишмайди ҳам. Шу боис баъзи фуқаролар захира фондида йиғилган пулларни сарфлаш кераклигига доир фикр билдира бошлашди.

Масалан, “Тараққиёт” партияси мамлакатда миграцияга қарши чиқиб келади. Уларнинг фонд маблағларини сарфлашга ундови сўнгги йилларда Норвегияга жуда кўп суриялик қочқинларнинг келиши билан асосланмоқда, аҳолининг кўпайиши эса иқтисодиётга таъсир қилмасдан қолмайди. Бироқ мазкур партия вакиллари парламентда камчиликни ташкил қилгани учун уларнинг фикрлари мамлакатдаги молиявий механизмларга таъсир ўтказа олмайди.

Сиёсатчилар ва маҳаллий жамоат арбоблари демократик мамлакат учун молиявий масалаларнинг ахлоқий томони даромад масаласидан юқори туриши керак, деб ҳисоблашади. Фонд ахлоқ тамойилларидан келиб чиқиб, ўз пулларини “шубҳали” маҳсулотларга инвестиция қилмайди: масалан, тамаки фабрикалари ва қурол-яроғ заводлари, экологияга зиён етказадиган ёки болалар меҳнатидан фойдаланувчи бизнес ҳам ушбу фонд маблағидан фойдалана олмайди.

Фонд маблағларининг бир фоизга яқини эса “яшил иқтисодиёт”га сарфлайди.

SHARE