Афғонистонда Беруний ва Машраб қабрлари Ўзбекистон ташаббуси билан таъмирланади

    Келаси икки йил ичида Абу Райхон Беруний ва Бобораҳим Машрабларнинг қабр-мақбараларини ободонлаштириб, зиёратгоҳларга айлантириш режалари бор. Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида “Бобур” халқаро жамғармаси раҳбари Зокиржон Машрабов билдирди.

    “Ҳозир Афғонистонда буюк аллома Беруний ҳазратларининг қабр-мақбараларини ободонлаштириш зарурияти бугунги куннинг энг долзарб мавзуси бўлиб турибди. Кейин Бобораҳим Машраб…Султон Ҳусайн Бойқаронинг мақбарасини қайта таъмирдан чиқариш ишларини 2017-2018 йиллар ичида якунлаш ЮНЕСКО режасига киритилган. Бу ишларни охиригача олиб боришса, боришди. Олиб боришмаса, султон Ҳусайн Бойқаро ҳам ўз даврининг зиёли, маънавиятга жуда катта аҳамият берган буюк подшоҳларидан биттаси бўлган, уни ҳам ўзимиз таъмирлаш режаларимиз йўқ эмас”, – дейди “Бобур” халқаро жамғармаси раҳбари.

    Барча даврларнинг энг зукко алломаларидан бири сифатида кўрилувчи Абу Райхон Берунийнинг қабри Афғонистоннинг қадим Ғазнасида, оташин ишқ куйчиси бўлган буюк суфий шоири Бобораҳим Машрабники эса, Тожикистонга бевосита чегарадош Тахор вилоятининг Ишкамиш туманида жойлашган.

    Режалар

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳам шарқий Ғазна шаҳри ва ҳам шимолий Ишкамиш тумани Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан, Толибон ҳаракати дохил турли исёнчи гуруҳлар қайта фаоллашишга муваффақ бўлган ҳудудлари саналади.

    Охирга пайтларда, айниқса, буюк аллома Абу Райхон Беруний мақбарасининг қанчалик абгор аҳволга келиб қолганига оид хавотирлар кучайган, лекин, айнан давомий зўравонликлар уни қайта таъмирлаш ишларига тўсқинлик қилиб келаётгани айтилганди.

    “Ҳозир бориб, биз у ердаги ҳолатни ўрганишимиз керак. Мен яқин уч йил-тўрт йилдан бери ўтганим йўқ…Буларни қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, биз октябрь, ноябрь ойларига бориб ўрганамиз. Лойиҳаларимизга янгиликлар киритамиз ва 2017 йилдан мумкин, буларни ҳам тиклаш, ободонлаштириш, атрофида боғлар яратиш режаларимизни амалга оширамиз”, – дейди Зокиржон ака Машрабов.

    Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, бу иш биргина ўзларига боғлиқ эмаслиги, у ердаги сиёсий-ҳарбий ҳолатдан ҳам келиб чиқиб иш юритишларига тўғри келишини айтади.

    “Мен, масалан, Ғазна шаҳрининг ҳокими билан шартнома тузганман. Улар бизга, демак, ётоқхона беради. Бу қабр-мақбарани тиклаш, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, усталар – ҳаммаси биздан бўлади. Улар фақат ётоқхона ва бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаши керак”, – дейди у киши.

    Мавлоно Лутфуллоҳ Лутфий, Бобораҳим Машраб, Абу Райхон Берунийлардан ташқари, яна улуғ шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва кўплаб Темурий шаҳзодалар Афғонистон ҳудудида дафн этилишган.

    Қарор

    Зокиржон ака Машрабовнинг сўзларидан аён бўлишича, бу ишларни ҳозирда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов топшириғи ва Ўзбекистон Олий мажлисининг махсус қарори асосида олиб боришмоқда.

    “Шу борада “Бобур” халқаро жамғармаси ўтган 15-20 йилдан то бугунги кунга қадар ҳамма буюк аждодларимизнинг қабр-мақбараларини излаб топди. Уларнинг ҳолати ўрганилди. Лойиҳалар қилинди”, – дейди суҳбатдошимиз.

    У кишининг айтишича, сўнгги йилларда қўшни Афғонистонда Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Фарғона водийси ва атрофи хони Худоёрхоннинг ҳам қабр-мақбараларини обод қилиб, атрофларида боғ яратиб, зиёратгоҳларга айлантириб, қайтишга муваффақ бўлишган.

    “Биз 25 маротаба экспедиция ташкил қилиб, Африка қитъасидан то Ҳиндихитой ярим оролигича бўлган масофани босиб ўтиб, буюк аждодларимиз ётган жойларини аниқладик, излаб топдик. Қолдирган бой илмий-маданий меросини жойларда ўрганиб, улардан нусхалар олиб ё сотиб олиб, олиб келиб, жаҳон маданияти ва Бобур китоб, қулёзма асарлар музейига мужассамлаштирдик ва аста-секин илмий истеъмолга киритаяпмиз. Қатор китобларини чоп этдик”, – дейди Зокиржон ака Машрабов.

    “Уларнинг сони эллик-олтмишдан кўпроқ. Биз улар ҳаммасининг қабр-мақбараларини излаб топдик. Лекин бугунги кунда таъмирталаблари Афғонистон ҳудудидаги мен юқори тилга олиб ўтганларимдан ташқари, Ҳиндистонда, Кашмирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг холаваччаси, “Тарихи Рашидий” асари муаллифи Мирза Ҳайдар, Дамашқда ал-Фаробий ҳазратлари, Қоҳирада Аҳмад Фарғоний, Бағдодда ал-Хоразмий ва Истанбулда Али Қушчининг қабр-мақбаралари бўлади. Олдин биз Афғонистондагиларининг якунига етишсак, баҳоли қудрат, кейин уларга ҳам ўтамиз”.

    “Бобур” фонди

    Улуғ шоир, олим, атоқли саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги жамоат фонди 1992 йил феврал ойида Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида таъсис этилган. Фонд сиёсий бўлмаган, мустақил жамоат ташкилоти саналади.

    Фонднинг асосий мақсади ўз ҳаёти ва ижоди билан Шарқ халқлари маданиятини яқинлаштирган буюк алломалар, шоир ва мутафаккирлар, биринчи навбатда, темурийлар, бобурийлар ҳаёти ва ижоди ҳамда илмий-адабий меросларини ўрганиш, уларни бу халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилдиришдан иборат экани айтилади.

    SHARE