O‘zLiDeP Президентликка Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатмоқчи

16 сентябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси O‘zLiDeP) Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, хабар берди партия матбуот хизмати.

Йиғилиш аввалида мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирдилар.

Мажлисда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O‘zLiDePнинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Жойлардаги сайловчилар ва электорат хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб партиянинг навбатдаги VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, Шавкат Мирзиёев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибага, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлиб, ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг ҳаётга изчил тадбиқ этилишида юксак рахбарлик салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Партия Шавкат Мирзиёевни мамлакатда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлиги ва жамият тараққиётининг янги босқичида янада юқори даражага кўтариш салоҳиятига эга, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, барқарор иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муваффақиятини таъминлашда масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир бўлган шахс сифатида билади.

Сиёсий Кенгаш мажлиси қатнашчилари томонидан навбатдаги партия съездини 14 октябрда ўтказишга келишиб олинди.

SHARE