Шавкат Мирзиёев МДҲ саммитида иштирок этмайди

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 16 сентябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ишида иштирок этади.

Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Gazeta.uz сайтининг МДҲ Ижро қўмитаси маълумотига таяниб хабар қилишича, саммитда сиёсий алоқалар, ижтимоий ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш соҳаларига оид 10 дан зиёд ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Хусусан, МДҲ ташкил топганининг 25 йиллиги ҳамда Нюрнберг трибунали иши якунланганининг 70 йиллиги муносабати билан Ҳамдўстликка аъзо давлатлар раҳбарларининг мурожаати ҳам имзоланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, МДҲ фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган масалалар муҳокама қилинади.

2017 йилни МДҲда Оила йили, 2018 йилни — Маданият йили деб эълон қилиш, 2017 йилда Озарбайжонда «Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти» Давлатлараро дастурини амалга ошириш лойиҳалари кўриб чиқилади.

МДҲ давлатларида аҳолини рўйхатга олишнинг 2020 йилги раундини ўтказиш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш ҳам белгиланган.

МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида хавфсизликни таъминлаш, янги таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишга қаратилган бир қатор ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилади. Жумладан, 2017−2019 йилларда терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравон кўринишларига қарши ҳамкорликда курашиш ҳамда 2016−2020 йилларда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган жиноятга қарши курашиш дастурларини қабул қилиш режалаштирилган.

SHARE