Барак Обама: “Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлаймиз”

    Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбоблари, ишбилармон ва академик доиралар вакилларидан самимий қутловлар келиб турибди. Уларда давлатимиз раҳбарига бахт-саодат ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-омонлик, доимий равнақ ҳамда фаровонлик каби эзгу истаклар изҳор этилган.

    Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обаманинг мактубида шундай дейилади:

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Ислом Каримов Жаноби Олийларига

    Президент Жаноби Олийлари!

    1 сентябрда нишонланадиган Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига қизғин табрикларимни йўллайман.

    Мамлакатингиз бу тарихий санани байрам қилаётган шу кунларда биз Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Америка Қўшма Штатлари 1991 йилнинг 25 декабрида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган пайтдан бошлаб мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам шериклик муносабатлари ўрнатилган. Мамлакатларимизнинг янада хавфсиз, фаровон ва демократик келажак йўлидаги ҳамкорлиги узоқ йиллар давом этишига ишонаман.

    Америка Қўшма Штатлари халқи Сизни мустақил Ўзбекистон тарихидаги ушбу муҳим сана билан муборакбод этади.