Тошкент – Андижон поезди қатнови йўлга қўйилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами арафасида қурилиши якунланган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли орқали 27 август куни йўловчи поезди Тошкентдан Андижонга йўл олди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Президентимиз Ислом Каримов 2013 йил 26 апрель куни халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ангрен – Поп йўналишида электрлаштирилган темир йўл қурилиши режалаштирилгани, 2016 йилда бу темир йўл қуриб битказилиши ва поезд қатнови йўлга қўйилишини таъкидлади.

Ана шу сўзларнинг исботи сифатида қисқа вақтда 123,1 километрлик Ангрен – Поп темир йўли ва унинг таркибида 19,2 километрлик Қамчиқ туннели қуриб битказилди.

2016 йил 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик лойиҳаси ижроси бўлган Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Бу билан мамлакатимизда яхлит, мустақил ва замонавий темир йўл тизими яратилди. Улкан стратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг коммуникация ва транспорт соҳасида эришган тараққиёти даражасини намоён этди.

Мазкур йўл Фарғона водийси вилоятларига поездда юк ва йўловчи ташиш имконини беради. Шу билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистоннинг чет давлатларга чиқиш ва экспорт имкониятини, юртимизнинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади.

– Ўн миллиондан зиёд аҳоли яшаётган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт коммуникациялари анча чегараланган эди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг капитал қурилиш дирекцияси бошлиғининг ўринбосари – Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл қурилиши бошлиғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Умматов. – Собиқ тузум даврида барча коммуникация тармоқлари, авваламбор, транспорт-логистика алоқаси қўшни республика ҳудуди орқали ўтар эди. Бу ҳолат аввало аҳоли, қолаверса, иқтисодиёт учун кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Одамларимиз Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл воситасида тўғридан-тўғри боғлайдиган кунлар тезроқ келишини орзу қиларди. Дастлаб Қамчиқ довони орқали янги автомобиль йўли қурилди. Бу йил халқимизнинг яна бир орзуси ушалди – темир йўл ҳам фойдаланишга топширилди.

…Поезд Ангрен, Поп, Қўқон ва Марғилон шаҳарларидан ўтиб, Андижон шаҳрига етиб келди. Бу ерда ҳозир бўлганлар меҳмонларни карнай-сурнай ва гуллар билан кутиб олди.

Шу куни поезд Андижондан пойтахтимизга қайтиб келди.

SHARE