Талимаржон ИЭСнинг қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди

Қашқадарёда Талимаржон иссиқлик электр станциясининг қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.  Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Талимаржон иссиқлик электр станциясида 800 мегаватт қувватга эга бўлган энергоблоклар ишга туширилди. Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 478 мегаваттли замонавий буғ-газ қурилмаси, “Тошкент иссиқлик электр марказида когенерацион газ-турбина технологиясини жорий қилиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуввати 27 мегаваттга эга газ-турбина қурилмаси барпо этилди. Ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Сирдарё ва Талимаржон иссиқлик электр станцияларида детандер-генератор қурилмалари ўрнатилди.

2004 йил охирида Талимаржон ИЭСда қуввати 800 МВтли энергоблокнинг ишга туширилиши мамлакатимиз энергетика тизимида мустақиллик йилларида амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан бири бўлди. Марказий Осиё минтақасида энг йирик ва ягона бўлган ушбу иншоот юртимизнинг жанубий вилоятларини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Электр станциясининг айнан Қашқадарё вилоятида қурилиши бу ерда нафақат газ конлари мавжудлиги, балки кимё ва нефтни қайта ишлаш саноати тараққий этгани билан ҳам изоҳланади.

– Жаҳондаги саноқли давлатларгина бундай йирик электр станциясига эга. Президентимиз раҳнамолигида юртимизда ҳам ушбу улкан иншоот ишга туширилди, – дейди “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” унитар корхонаси директори Абдусами Нормўминов. – У турдош корхоналар орасида кам ёнилғи сарфлаб, кўп энергия ишлаб чиқариши билан ажралиб туради. Жорий йилнинг биринчи ярмида корхонамизда 3 миллиард 164 миллион 277 минг киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Ҳозир ойига 540 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Мана, энди иккинчи блок ҳам электр энергияси бера бошлади. Жорий йилнинг декабрь ойида учинчи блок ишга туширилгач, бу кўрсаткич 1 миллиард киловатт/соатдан ошади.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 14 июлдаги “Талимаржон ИЭС ни ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси қуриш билан кенгайтириш инвестицион лойиҳани амалга оширишдаги бирламчи чора тадбирлари тўғрисида”ги ва 2013 йил 7 мартдаги қарорлари асосида 2016 йил август ойида биринчи, декабрь ойида иккинчи энергоблокларни ишга тушириш белгиланган. Бош пудратчи Жанубий Кореянинг “Хундай инженеринг энд констакшн” компанияси томонидан шу кунга қадар 313,92 миллион долларлик технологик жиҳозлар етказиб берилди. 1-БГК нинг монтаж-созлаш ва мослаштириш ишлари ниҳоясига етди ва электр энергиясини тизимга узатишни бошлади.

Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда “ПГУ-Тўпаланг” шўъба корхонасининг малакали мутахассислари билан бирга, Япония, Жанубий Корея, Франция каби ривожланган давлатлардан 500 га яқин ишчи-мутахассис иштирок этмоқда.

Талимаржон ИЭСда 2 энергоблокнинг ишга туширилиши натижасида йилига қўшимча 7,2 миллиард киловат/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Талимaржoн ИЭС да ҳaр бири 450 мегаватт қуввaтгa эгa бўлгaн иккита қўшимча буғ-гaз қурилмaсини қуриш билaн кeнгaйтириш” лoйиҳaси бўйича қурилишга чет эл инвестицияси киритилиши режалаштирилиб, дастлабки техник иқтисодий асослар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, станциянинг ишлаб чиқариш қуввати 2 минг 600 МВт ни ташкил қилади. Бу йилига 1 миллиард метр кубдан ортиқ табиий газни тежаб қолиш имконини беради.

Бугунги кунда юртимизнинг иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжи “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти электр станциялари томонидан тўлиқ таъминлаб берилмоқда. 2015 йилда 55,5 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 27,27 миллиард киловатт/соатдан ошди.

SHARE