Ўзбекистон Сенати ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунни маъқуллади

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.

    Сенаторлар қайд этишича, қонун ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ҳамда шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда -мужассамлаштирилаётганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ички ишлар органларининг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли муҳофаза этиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

    Ўзбекистон ички ишлар органлари шу пайтга қадар тизимга оид қонун ости ҳужжатлари, тегишли низомлар асосида ўз фаолиятини амалга ошириб келаётган эди.