Бектемир Мелиқўзиев Олимпиада ўйинларида финал йўлланмасини қўлга киритди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича ўтказилаётган мусобақаларида бугун яна бир спортчимиз ҳал қилувчи финал баҳсида олтин медаллар учун курашиш хуқуқини қўлга киритди.

Оғирлик вазни 75 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Бектемир Мелиқўзиев бугун бўлиб ўтган ярим финал жангида мексикалик Мисаэл Родригесни 3:0 ҳисобида енгиб, финалга чиқди. Энди Бектемир 20 август куни ўтказиладиган ҳал қилувчи баҳсда Куба терма жамоаси аъзоси Арлен Лопесга қарши рингга кўтарилади.

Ёдингизда бўлса Бектемир Мелиқўзиев 2015 йили Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатининг финал баҳсида айнан Арлен Лопес билан куч синашган ва ўша баҳсда кубалик боксчининг қўли баланд келган эди. Демак, Бектемирда реванч олиш имконияти мавжуд.

Бугун, шунингдек, вазни 56 кг.гача бўлган боксчилар ўртасида ярим финал баҳслари ўтказилди. Ушбу ярим финалларнинг бирида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев 2012 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби, кубалик Робейси Рамиресга қарши баҳс юритди. Ўта муросасиз рухда кечган учрашувда кубалик боксчи ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Муроджон Аҳмадалиев делегациямиз ҳисобига Олимпия ўйинларининг яна бир бронза медалини келтирди.

19 август куни бокс бўйича яна уч вазн тоифасида ярим финал жанглари ўтказилади ва шундан иккитасида ҳамюртларимиз баҳс юритадилар. Жумладан, 52 кг. вазн тоифасида Шаҳобиддин Зоиров венесуэлалик боксчига қарши рингга чиқса, 64 кг. вазнда Фазлиддин Ғоипназаров россиялик Виталий Дунайцев билан финал йўлланмаси учун куч синашади. Ҳар икки боксчимизга ҳам бўлажак жангларда омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

SHARE