АҚШ элчиси Памела Спратлен: «Ўзбeкистон халқи янги давлатни барпо этди»

    Илгари хабар қилинганидек, тобора яқинлашиб келаётган мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан хорижий эллардан ўзбек халқи номига кўпдан-кўп самимий қутловномалар келиши давом этмоқда. Шу билан бирга, чет давлатларнинг Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари раҳбарлари ҳам республикамиз раҳбарияти ва халқини остонада турган ушбу қутлуғ сана билан қизғин табриклашмоқда.

    Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Памела Спратлен «Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг мустақиллик йиллари давомида қўлга киритган муваффақиятларига баҳо берар экан, ўзининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

    – Энг аввало, шундай дея табриклашимга ижозат берсангиз: “Мустақиллик байрамингизнинг йигирма беш йиллиги муборак бўлсин!”. Бу сана Ўзбекистон учун муҳим даврни бошлаб бергани билан шарафланади, мамлакат кейинги йигирма беш йил ичида янги давлатни барпо этди.

    Чорак аср муқаддам АҚШ Ўзбекистоннинг тўлақонли мустақил давлат сифатидаги мақомини биринчилардан бўлиб тан олган эди. 1992-йилдан буён биз кўпгина муҳим масалалар бўйича, жумладан, хавфсизликни таъминлаш муаммолари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Бу соҳалардаги ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Ўзбекистонда самарали давлат институтларини шакллантиришда тараққиёт кузатилмоқда, бу фуқаролар эҳтиёжларига янада ишчанлик билан муносабат билдириш имконини беради. Мустақил фуқаролик жамияти замонавий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлиб ҳам ҳисобланади, бусиз замонавий давлат ўз салоҳиятини тўла намоён эта олмайди.

    Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш учун катта салоҳиятга эга ва биз унинг рўёбга чиқишида ҳамкорлик қиламиз. Республика Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашгани иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга кўмаклашмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси ярмининг ҳам ватани ҳисобланади, бу эса мамлакатнинг асосий иқтисодий марказ бўлишини таъминлайди. Американинг қатор йирик компаниялари, жумладан, «Боинг», «Женерал Моторс», «Женерал Электрик», «Кейс Ню Холланд» ва бошқа компаниялар мустаҳкам ҳамкорликни, жумладан, сармоявий алоқаларни йўлга қўйиш борасида муваффақиятларга эришди. Республиканинг иқтисодий салоҳияти ҳисобга олинар экан, Ўзбекистон АҚШ компаниялари учун қизиқиш уйғотади. Яқинда икки мамлакатнинг ҳукумат ва бизнес вакиллари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида кўпгина Америка компаниялари қатнашгани ҳам шундан далолат беради.

    Ўзбек халқи мустаҳкам оила анъаналари ва қадриятлари билан фахрланишга ҳақлидир. Жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги жуда яхши эслатишдир. Президент Барак Обама айтганидек, «оналар – бизларнинг биринчи дўстларимиз ва муаллимларимиз, улар бизларни катта марраларни забт этишга илҳомлантиришади ҳамда дуч келадиган муаммоларимиз ёки танлайдиган йўлимиз қандай бўлишидан қатъий назар бизларни қўллаб-қувватлайдилар”. Шу ўринда қайд этиш қувонарли бўладики, АҚШ халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) ўзбек шериклар билан биргаликда ишлаш асносида 1993-йилдан буён Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кўмак кўрсатиб келмоқда.

    Ўзбекистон бой ислом тарихига ҳамда турли динлар вакиллари ёнма-ён истиқомат қилаётган кўп конфессияли жамиятга эга бўлган дунёвий давлатдир. Мен бу ажойиб мамлакат бўйлаб сафарларим ҳамда оқкўнгил ва меҳмондўст халқ вакиллари билан бўлиб ўтган кўпдан-кўп суҳбатларим чоғида Ўзбекистон ранг-баранглигининг бутун моҳияти ва бойлигини ҳис қилишга муяссар бўлганман.

    Замонавий Ўзбекистон – халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти. АҚШ унинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди.

    Америка – Ўзбекистон муносабатлари кенг қамровли масалаларни қамраб олган, улар ўзаро манфаатлар, муштарак ҳурмат асносидаги фаол ва очиқ мулоқот воситасида кўриб чиқилмоқда. Умумий хавф-хатарларга ҳамда хавфсизликка таҳдидларга қарши туриш масалаларида ҳамкорлик қилмоқдамиз. Биз ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, АҚШ сармоядорларини Ўзбекистонга жалб этишни қўллаб-қувватлаш имкониятлари бўйича доимо изланишда бўламиз. Илм-фан ва технологиялар соҳаларида изчил алоқа қилмоқдамиз, маданият ва таълим, жумладан, инглиз тилини ўқитиш ҳамда академик ва маданий алмашувларни кенгайтириш борасидаги ҳамкорлигимизни ривожлантиришни истар эдик.

    Америка Қўшма Штатлари икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланишини давом эттиришга интилмоқда ва буни юқори мартабали расмийларнинг Ўзбекистонга ташрифлари воситасида намоён этмоқда – Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашувида (C5+1) иштирок этиш учун Самарқандга борди, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотел июн ойида Президент Ислом Каримов билан конструктив музокаралар ўтказди. Яқинда Вашингтонда бўлиб ўтган C5+1 форматидаги учрашувда Ўзбекистон делегациясининг иштирок этгани мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик энг юқори ҳукумат даражасида давом этаётганидан далолат беради.

    Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар келгуси йилларда ҳам равнақ топишига ишонч билан қараймиз.

    Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ниҳоятда ўзига хос, юбилей байрами муносабати билан Америка халқи ва Тошкентдаги АҚШ элчихонасидаги ҳамкасбларим номидан Ўзбекистон халқига тинчлик, бардавом фаровонлик, барча ишларида муваффақиятлар, саломатлик ва бахту иқбол тилайман! Келгуси 25 йил ҳам Ўзбекистонга ва мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларга янада катта яхшиликлар олиб келсин. Яна бир бор Мустақиллик байрамингизнинг йигирма беш йиллиги муборак бўлсин! Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан бўладиган кўпдан-кўп шодиёналарни интизорлик билан кутамиз!

    «Жаҳон» АА

    SHARE