Хоразмда қовун сайли ўтказилди

Хивада ўтказилган “Гурвак – Хоразм қовунчилиги рамзи – 2016” савдо ярмакасида вилоятнинг полизчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини намойиш этди.  Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

– Мен Ўзбекистоннинг барча тарихий шаҳарларида бўлдим, – дейди хитойлик сайёҳ Нису Хуанг. – Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива бозорлари мени айниқса ҳайратга солди. Бу ердаги тинчлик-хотиржамлик ва тўкин-сочинликликка ҳавасим келди. Бугунги ярмарка доирасида ташкил этилган кўргазмадаги ранг-баранг қовунлардан татиб, маза қилдим. Дунёнинг ҳеч қаерида бундай ширин, таъми бир умр оғзингда қоладиган қовунлар йўқ.

Қовун сайли доирасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, “Ўзбектуризм” миллий компанияси вилоят минтақавий бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида «Ширин қовун» танлови ўтказилди. Унда деҳқонларнинг уруғлик танлаш, қовун кесиш, қоқ қилиш маҳорати, уни қиш мавсумида сақлаш тартиб-қоидалари бўйича билими синовдан ўтказилди. Ҳазорасп тумани соҳибкорлари биринчи, Хива ва Қўшкўпир тумани вакиллари иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.

Танловда қовунчиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фермерлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

SHARE