Нью-Йоркда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган мусиқа кечаси бўлиб ўтди

Нью-Йоркда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган мусиқали кеча ҳамда унинг доирасида «Бастакор Сулаймон Юдаков ва унинг даври» конференцияси бўлиб ўтди.

Kultura.uz сайтининг хабар беришича, тадбир АҚШ Бухоро яҳудий ёзувчилари, шоир ва журналистлари уюшмаси томонидан АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги билан ҳамкорликда, Bukharian Times газетаси кўмагида ўтказилди. Маданият маркази залига 25 йиллик сана, шунингдек, буюк ўзбек бастакори Сулаймон Юдаков таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш учун санъат арбоблари, олим, ёзувчи, шоирлар, бастакор меросини ўрганаётган мутахассислар тўпланди.

«Рошнои» ташкилоти раҳбари Роберт Пинхасов тадбирни очар экан, ушбу ажойиб бастакор билан таништиргани учун тақдирга шукроналар айтди. Унинг оиласи Юдаков билан яқин алоқада эди.

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли бастакор Сулаймон Юдаковнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида Bukharian Times газетаси муҳаррири, мусиқшунос Рафаэль Некталов сўзлаб берди.

“Унинг вафот этганига қарийб чорак аср бўлди, аммо унинг мусиқаси минглаб мусиқа ихлосмандлари қалбидан жой олиб, авлодлардан авлодларга ўтиб келяпти. Унинг ижоди эстрада ва опера санъатида катта ўрин эгаллайди”, деди у.

Сулаймон Юдаковнинг ижод йўли ҳақидаги чиқишлардан сўнг бўлиб ўтган концертда Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева, Иосиф Шаломаев, Тамара Катаева, Яков Хахамов ҳамда бошқа хонандалар бастакор томонидан басталанган қўшиқ ва арияларни ижро этди. Бастакор Эдуард Қаландаров ижросидаги Юдаков асарларидан попурри йиғилганлар томонидан илиқ қарши олинди.

Кеча қатнашчиларида яқинда Тошкентда чоп этилган «Сулаймон Юдаков. Барча даврлар учун мусиқа» китоби катта қизиқиш уйғотди. Тадбир бастакорнинг энг яхши асарларидан бири — «Жон Ўзбекистон» қўшиғи ижро этилиши билан якунланди.

SHARE