Ўзбекистонда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинади

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ички ишлар органларининг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли муҳофаза этиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар томонидан экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда, мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилинди.

Депутатлар қайд этганидек, қонун лойиҳаси ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ҳамда шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда мужассамлаштирилаётганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

SHARE