Ришод Собиров — уч карра Олимпия ўйинлари совриндори

Икки кунда иккита медаль. Мамлакатимиз спортчилари шу кунга қадар Олимпия ўйинлари бошланиши билан кетма-кет икки кун совринли ўринларни банд этишмаган эди. XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг биринчи куни Диёрбек Ўрозбоев делегациямиз ҳисобига бронза медалини келтирган бўлса, бугун яна бир дзюдочимиз Ришод Собиров шоҳсупага кўтарилди.  Бу ҳақида Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бунга қадар Ришод Собиров 2008 йили Пекин шаҳрида, 2012 йили эса Лондон Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритган эди. Ҳар икки Олимпия ўйинларида тажрибали полвонимиз 60 кг. вазн тоифасида совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган бўлса, Рио-де-Жанейрода 66 кг. вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, дунёнинг етакчи полвонларидан бири эканлигини амалда яна бир бора исботлади.

Саралаш баҳсларида Беларус ва Арубалик дзюдо усталарини енгган Ришод, чорак финал баҳсида кореялик спортчига имкониятни бой берди. Шундан сўнг, ўтиш мусобақасида бронза медали учун курашни давом эттирган ҳамюртимиз дастлаб Доминикан Республикаси вакилини, сўнгра словениялик полвонни мағлуб этди ва қаторасига учинчи Олимпия ўйинларида совриндорлар сафидан ўрин эгаллади.

photo_2016-08-08_14-45-22

“Албатта, хурсандчилигимнинг чегараси йўқ. Қаторасига учинчи Олимпиадада бронза медалига сазовор бўлиш айтишга осон. Бундай ғалабаларга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунда энг аввало мамлакатимизда спорт соҳасининг ривожига бевосита Давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликлар асосий омил бўлмоқда. Яратиб берилаётган шароитлар, билдирилаётган юксак даражадаги ишонч, бизни янгидан-янги зафарлар сари чорламоқда. Ушбу ғалабани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман”, – дейди Ришод Собиров.

Диёрбекнинг медали делегациямиз аъзоларига кўтаринки кайфият бағишлаган бўлса, Ришод полвонни совриндорлар сафидан ўрин эгаллаши спортчиларимиз руҳиятини, ўзига бўлган ишонч ҳисларини янада юксалтирди, десак муболаға бўлмайди.