Диёрбек Ўрозбоев Олимпия ўйинларида Ўзбекистон жамоасининг дастлабки медалини қўлга киритди

    Дзюдо кураши бўйича терма жамоамиз аъзоси Диёрбек Ўрозбоев Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида делегациямиз ҳисобига дастлабки медални келтирди. Бу ҳақида Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Оғирлик вазни 60 кг.гача бўлган полвонлар беллашувида татамига тушган истеъдодли спортчимиз Австралия, Швейцария, Бразилия ҳамда Грузия терма жамоаси аъзоларини мағлуб этиб, бронза медали совриндори бўлди.

    “Биринчилардан бўлиб баҳсларга киришиш жуда ҳам масъулиятли. Мен бунга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эдим. Биз спортчиларга Давлатимиз ва хукуматимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ўз сўзини айтмоқда. Одатда спортчилар мана шундай ғалабаларни бирор-бир сана ёҳуд яқинларидан бирига бағишлайдилар. Мен Олимпия ўйинларидаги биринчи медалимни Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман. Халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаганлигимдан хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб мени доимо қўллаб-қувватлаб турадиган оиламга, устозларимга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу барчамизнинг ютуғимиздир”, – дейди Диёрбек Ўрозбоев.

    Шу тариқа, мамлакатимиз Истиқлолга эришгандан буён ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган медаллар сони 21тага етди. Шундан 5 таси (иккита кумуш ва учта бронза) дзюдо усталаримизга тегишлидир.

    Албатта, Олимпия ўйинларининг биринчи кунидаёқ совриндор бўлган давлатлар сафидан ўрин эгаллаш ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Умид қиламизки, Диёрбекнинг зафарли одими Олимпия ўйинларига келган қолган спортчиларимизга ҳам юқори кайфият бағишлайди ва қўлга киритилажак медалларимиз сони кундан-кунга ортиб бораверади. Бу йўлда юртдошларимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

    Маълумот учун. Диёрбек Ўрозбоев 1993 йилнинг 17 август куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида таваллуд топган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Мураббийлари: Жамшид Худойберганов ва Вячеслав Перетейко.

    SHARE