Вашингтонда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди

Шу йилнинг 3 август куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг «С5+1» шаклидаги учрашувида иштирок этди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожидин Аслов, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамда АҚШ Давлат котиби Жон Керри иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашишди.

«С5+1» шакли доирасида Марказий Осиё бозорига қизиқиш билдираётган АҚШ бизнеси вакиллари ва хусусий инвесторлар иштирокида тадбирлар бўлиб ўтди.

Учрашув якунида ташқи ишлар вазирларининг баёноти қабул қилинди. Унда «С5+1» шакли доирасида мулоқотлар ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, минтақада транспорт коридорлари барпо этишни қўллаб-қувватлаш, янги бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириш, минтақавий савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун логистика тармоғини жадал ривожлантириш, минтақа иқтисодиётига хорижий инвестициясини жалб қилиш мақсадида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, минтақада қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш, Афғонистонни қўллаб-қувватлашни давом эттириш каби масалаларда якдил позиция илгари сурилган.