Янги “Тошкент-4” халқаро аэропорти Ҳумо қуши кўринишида бўлади

    Тошкент шаҳрининг янги халқаро аэропорти (Тошкент-4) уч йил давомида барпо этилади ҳамда 2019 йилда фойдаланишга топширилади. Газета.uz сайтининг ёзишича, лойиҳа Корея Республикаси кўмагида барпо этилади, унинг умумий қиймати 336 миллион 443 минг долларни ташкил қилади.

    Қарийб 87 минг кв.м. майдондаги “Тошкент-4” халқаро аэропорти фойдаланишга топширилгач, йилига 5,7 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади.

    Ушбу маълумотлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосида кўзда тутилган бўлиб, жорий йилнинг 3 август куни Корея томонидан Ўзбекистон ҳукуматига тақдим қилинди.

    KOICA Ўзбекистандаги офиси директори Им Джонг Хи, Корея эдчиси Квон Ёнг У, Бош вазир ўринбосари Ботир Зокиров ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бош директори Валерий Тян. Фото: KOICA/Gazeta.uz
    KOICA Ўзбекистандаги офиси директори Им Джонг Хи, Корея эдчиси Квон Ёнг У, Бош вазир ўринбосари Ботир Зокиров ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бош директори Валерий Тян. Фото: KOICA/Gazeta.uz

    Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиёнинг ҳаво бандаргоҳига айланиши режалаштирилаётган мазкур аэропорт техник-иқтисодий асосини ҳамда аэропортни бошқариш бўйича мастер-режасини ишлаб чиқишни ўтган йилнинг май ойида KOICA   халқаро агентлигига тақдим қилган эди.

    Ўтган йили KOICA лойиҳани амалга ошириш учун Инчхон аэропорти бошчилигидаги бешта Корея компанияси иштирокида консорциумни шакллантирди. Унга, шунингдек, Heerim Architects & Planners, Yooshin Engineering, EY Hanyong ва Корея транспорт институти ҳам киритилди.

    “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси маълумотларига кўра, лойиҳа техник-иқтисодий асоси 2016 йилнинг январь июль ойлари давомида ишлаб чиқилди. Ҳужжатни тайёрлаш асносида Жанубий Корея томони Тошкент аэропорти ва Ўзбекистон авиация соҳасининг жорий ҳолати, ривожланиш истиқболларини баҳолаш ва «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминалини қуриш концепцияси ишлаб чиқиш бўйича катта ҳажмда иш олиб борган.

    Gazeta.uz/Uzreport
    Gazeta.uz/Uzreport

    «Тошкент аэропортининг янги халқаро йўловчи терминали («Тошкент-4»)ни қуриш» лойиҳаси 2015—2019 йилларга мўлжалланган Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига мувофиқ амалга оширилмоқда. 2016 йилда лойиҳа техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш, молиялаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш кўзда тутилган.

    “Ўзрепорт” телеканалининг хабар беришича, янги аэропорт осмондан қараганда Ҳумо қушининг қанотлари ёйилган ҳолатини акс эттиридади. Аэропорт 36 та самолёт учун перрон, 1700 ўринли автотураргоҳ ҳамда соатига 1500 кишига хизмат кўрсатади.