Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон байроғи кўтарилди

Олимпия ўйинлари арафасида спорт делегациялари аъзолари истиқомат қиладиган шаҳарчада иштирокчи давлатлар байроқларини кўтарилиши ўзига хос тадбирлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам мазкур тадбирга ташкилотчилар томонидан алоҳида ҳозирлик кўрилади.

Бугун Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида жойлашган Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон байроғини кўтарилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси сайтида ёзилишича, тадбирда Ўзбекистон делегацияси аъзолари, “Рио-2016” ўйинларининг ташкилий қўмитаси ҳамда Рио-де-Жанейро шаҳри маъмурияти вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот вакиллари иштирок этдилар.

Anvar Ilyasov
Anvar Ilyasov

Хақиқий байрамона рухда ташкил этилган маросимда Олимпия шаҳарчаси мэри, баскетбол бўйича Бразилия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионидек шарафли унвонга сазовор бўлган Жанет дус Сантуш Аркаин сўзга чиқиб, Ўзбекистон делегациясини ХXXI ёзги Олимпия ўйинларига ташрифи билан муборакбод этди ва барча юртбошларимизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафарлар тилади.

Ватанимиз байроғи сарбаланд кўтарилгач, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, делегациямиз раҳбари Адҳам Икрамов Олимпия шаҳарчасининг мэрига миннатдорлик рамзи сифатида Ўзбекистон делегацияси номидан эсдалик совғаларини тантанали суратда топширди. Ўз навбатида Жанет дус Сантуш Аркаин ҳам “Рио-2016” ўйинлари ташкилий қўмитасининг эсдалик совғасини делегациямизга топширди.

“Давлатимиз байроғини кўтарилишига бағишланган тадбир хаётимдаги энг ёрқин дамлардан бири сифатида мухрланади. Айниқса, музаффар байроғимиз сарбаланд кўтарилганда қалбимни кучли ҳаяжон чулғаб олди. Биласизми, ўша дамдаги ҳолатни ҳозир икки оғиз сўз билан тарифлаб бера олмайман. Кўзларимда қувонч ёшлари пайдо бўлди. Менимча, бундай ҳолатни бугунги тадбирда иштирок этган барча юртдошларимиз қалбларидан ўтказдилар. Шуни ишонч билан айтаманки, XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз”, – дейди Таэквондо бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.

13895263_1064415130310752_8042377332034884903_n
Anvar Ilyasov

“Бугунги тадбир қалбимизда озод ва обод юртимизга бўлган ҳурмат ва эхтиромни, фахр ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди. Биз тўрт йилликнинг энг йирик спорт байрамида ҳам Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этишга астойдил бел боғлаганмиз. Ниятимиз “Рио-2016” ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жонажон диёримизга ёруғ юз билан қайтиш. Зеро, мазкур Олимпия ўйинларига ҳам жиддий ҳозирлик кўришимиз учун зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Бу учун Давлатимиз ва хукуматимиз раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдирамиз”, – дейди юнон-рим кураши бўйича терма жамоамиз аъзоси, жаҳон чемпионати совриндори Елмурад Тасмурадов.

Она Ватанимиз байроғи сарбаланд кўтарилар экан, мана шундай шукуҳли дамлар Рио-де-Жанейро шаҳрининг спорт майдонларига ҳам кўчишини ва Олимпия ўйинларида совриндор бўлган ҳамюртларимиз сафи янада кенгайишига тилак билдирдик.

Шавкат Жалилов
Анвар Ильясов
SHARE