«Ўзбекистон ҳаво йўллари» сентябрда Dreamliner самолётларидан фойдаланишни бошлайди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси сентябрь ойидан бошлаб “Boeing 787 Dreamliner” самолётларидан фойдалана бошлайди.

Авиакомпания маълумотларига кўра, ҳозирда янги русумдаги иккита “Boeing 787 Dreamliner” самолётларидан фойдаланишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Улардан биринчиси Ўзбекистонга Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини нишонлаш кунларида етиб келади. “Орзудаги лайнер” Ўзбекистон аҳолиси учун байрам шарафига муносиб совға бўлади.

Шу йилнинг сентябрь ойидаёқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК йўловчилари “Boeing 787 Dreamliner” самолётидаги қулайликнинг янги даражасини муносиб баҳолаш имконига эга бўладилар.

Янги самолёт узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда фойдаланилади, бу эса ўз навбатида Тошкент – Нью-Йорк каби ўта узоқ масофаларга ҳам қўнмасдан етиб олиш имконини беради.

“Boeing 787 Dreamliner” кенг фюзеляжли, икки моторли реактив йўловчи самолёти ҳисобланади. Йўловчиларнинг максимал сони: 250 нафардан 330 нафаргача.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Boeing” компанияси иккита “Boeing-787-800 Dreamliner” самолётлари ва битта захира двигателини харид қилиш борасида шартнома имзолашган. Шартнома нархи 246,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

SHARE