Самарқанд тиббиёт институти қабул комиссияси аъзоси 27 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинган

    Самарқанд вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан Самарқанд тиббиёт институти қабул комиссиясининг аъзоси – ахборот технологиялари марказининг электрон мухандиси Шуҳрат Жўраев 27 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинган. Бу ҳақида Telegraf.uz сайти хабар тарқатди.

    Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган самарқандлик икки фуқаронинг аризаларига кўра, Ш.Жўраев улардан Самарқанд Тиббиёт институтининг “Тиббий профилактика” ва “Тиббиёт иши” факультетларига ўқишга олиб кириб қўйиш учун 12 ва 15 минг АҚШ доллари қийматида пора талаб қилган.

    Ш.Жўраев 2012 йилдан бери мазкур олий ўқув юртида ишлаб келган. Ўз фаолияти даврида ўқишга ҳужжат топширган абитуриентлардан пора олиш учун ноёб схемани тузган.

    Шунингдек, Ш.Жўраев абитуриентлар электрон базасига кириш учун рухсатга эга бўлган ҳамда тест натижалари балларини юқорилатишга эришган.

    Сайтнинг хабар беришича, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ректорининг ёрдамчиси, кадрлар бўлимининг бошлиғи Файзиев Баҳодир 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олинган.

    Файзиев вилоятнинг икки нафар фуқаросининг фарзандларини ўқишга сўзсиз олиб кириб қўйиш каби ваъдаларни берган ва бунинг эвазига 12 минг АҚШ доллари мукофот пулини сўраган.

    Файзиев 2011 йилдан бери ушбу лавозимда ишлаб келган ва ҳар йили ёз мавсумида ўз лавозимини суиистеъмол қилиб, бир неча абитуриентларнинг ҳожатини чиқарган.

    Мазкур ҳодисалар юзасидан ЎзР ЖК168-модда (Фирибгарлик) 3-банди, 211-модда (Пора олиш) 3-бандлари билан жиноий иш очилган.

     

    SHARE