Розенблюм: Америка — Марказий Осиё муносабатлари айрим давлатлар билан “мусобақа” доирасида ривожланаяпти дейиш ноўрин

Американинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистондаги элчихоналарида АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм билан ушбу мамлакатлар журналистлари иштирокида телеконференция ўтказилди.

Тадбирда АҚШ томонидан Марказий Осиё беш мамлакати билан ўрнатган янги С5+1мулоқот гуруҳининг навбатдаги учрашуви, АҚШнинг минтақа давлатлари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

CA-News ахборот портали журналисти айрим россиялик экспертлар янги мулоқот гуруҳини АҚШнинг минтақада Россия ва Хитой роли ўсиши билан бой берилган имкониятларга компенсация сифатида баҳолаётгани ҳақидаги саволига америкалик дипломат шундай жавоб берди: “Керрининг ўтган йили Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарига келадиган бўлсак, Давлат котиби ўзи бир неча маротаба таъкидлаган эди: биз ҳақиқатан ҳам минтақадаги муносабатларимиз ноль қийматдаги ўйин деб ҳисобламаймиз. Биз бунақа ўйин олиб бормаймиз. Биз Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини қўллаб-қувватлаймиз ҳам улар ўзаро, қўшнилари билан, барча мамлакатлар билан соғлом алоқаларни ўрнатиши керак деб ҳисоблаймиз.

Розенблюмнинг айтишича, Керри Марказий Осиё минтақасига икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш мақсадида ташриф буюрган эди. “Албатта, у минтақавий даражада беш мамлакат ташқи ишлар вазирлари билан ҳам мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди. Биз ўшанда ҳам, бугун ҳам ушбу ташрифлар қандайдир “мусобақалар” доирасида ўтказилган ёки таъсир доирасини кенгайтиришга уриниш деб билмаганмиз, билмаймиз ҳам”, деди у.

“Такрор бўлса-да, яна бир бор шуни таъкидламоқчиманки, биз Марказий Осиё мамлакатлари Россия билан ҳам, Хитой билан ҳам жуда қалин ва дўстона муносабатларни ўрнатиши керак, деб ҳисоблаймиз. Чунки улар қўшни мамлакатлардир. Географик нуқтаи назардан ҳам, ўзаро боғлиқ тарих нуқтаи назаридан ҳам ушбу алоқалар бўлиши керак ва муҳим. Аммо биз бу муносабатлар бошқа мамлакатлар, шу жумладан, океанорти мамлакатлари билан дўстона ва самарали мулоқот ўрнатишга халақит бермаслиги керак, деб ўйлаймиз”, деди америкалик дипломат.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида  Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов,

АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этди.

SHARE