Ўзбекистон Америкага вино ва ароқ маҳсулотлари экспорт қилмоқда

    Ўзбекистонда шу йилнинг биринчи ярмида товар ва хизматлар экспорти ҳажми 2,4 фоиз ошди. Ўзбекистон Республикаси  Иқтисодиёт вазирлиги  ҳамда Давлат статистика қўмитаси тарқатган ҳисботда айтилишича, сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши ҳамон сақланиб турган глобал инқироз ҳолатлари ва жаҳон бозоридаги нархларнинг мамлакат экспорт салоҳиятига салбий таъсирини сезиларли равишда камайтириш имконини берди.

    Жорий йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган қарийб 600 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 208 турдаги янги маҳсулот экспортга етказиб берилди. Янги экспорт бозорлари сони 44 тага кўпайди.

    Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Африка Республикасига енгил автомобиллар, Буюк Британияга куч агрегатлари, двигателлар таркибий қисмлари, Латвияга ғилдирак дисклари, Жанубий Кореяга автогенераторлар, Японияга виноматериаллар, АҚШ ва Исроилга вино-ароқ маҳсулотлари, ХХР, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистонга полиэтилен ва полипропилен, Швеция, Руминия, Болгария, Туркия, Индонезия, Молдова, Озарбайжонга минерал ўғитлар, Нидерландияга металл молибдени ва рений, Ҳиндистон ва Эронга металл рухи, Беларусга спорт пойабзаллари, Польша ва Жанубий Кореяга чарм буюмлари ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди.

    Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан полиэтилен (18,8 баробар), молибден маҳсулотлари (2,5 баробар), супрефос (1,9 баробар), аммоний сульфати (1,3 баробар), юк автомобиллари (1,3 баробар), қора металл прокати (1,3 баробар), трикотаж полотно (2,2 баробар), пахтадан тайёрланган матолар (1,4 баробар) ва бошқа юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспортга етказиб бериш ҳажми ошди.

    Мамлакатда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида жорий йил биринчи ярмида 354 минг тоннадан зиёд ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, жумладан, 270 минг тонна сабзавот, 130 минг тоннадан ортиқ мева ва узум, 1,3 минг тонна полиз маҳсулотлари экспортга етказиб берилди.

    SHARE