АҚШнинг идоралараро делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради

АҚШнинг идоралараро делегацияси Афғонистон масаласида маслаҳатлар ўтказиш учун Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради. Бу ҳақида АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Делегацияга Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакил Лорел Миллер раҳбарлик қилади. Делегация аъзолари шу йилнинг 18 июлидан 22 июлига қадар Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда икки томонлама мулоқотлар ўтказади.

Хабарда айтилишича, маслаҳатлашувлар доирасида АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар, Афғонистондаги сўнгги сиёсий ва иқтисодий воқеалар, хавфсизлик ва халқаро кўмак масалалари муҳокама қилинади.

Давлат департаментининг маълум қилишича, АҚШ Марказий Осиёдаги мамлакатлари минтақавий муаммоларни ҳал қилиш, хавфсизлик соҳасида изчил ҳамкорликни кучайтиришга интилади.

Бундай маслаҳатлашувлар Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ташаббуси билан олти йилдан бери ўтказиб келинмоқда.

SHARE