Олмаотада қуролли отишма натижасида уч нафар полиция ходими ва бир нафар фуқаро ҳалок бўлди

Қозоғистонда қуролланган шахсларга нисбатан махсус амалиёт ўтказилмоқда. Бу ҳақида Казинформ ахборот агентлиги хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, 18 июль куни бўлиб ўтган қуролли тўқнашувларда уч нафар полиция ходими ҳамда бир нафар фуқаро ҳалок бўлди.

“18 июль куни соат 11.00 атрофида туман ички ишлар бошқармасига бостириб киришга уриниш пайтида постда турган полиция ходимига ўқ узилган. Шундан сўнг гумонланувчи полиция ходими қуролларини эгаллаб олган ҳамда воқеа жойидан яширинган. У кейинчалик ушбу қурол билан уни қувган полиция ходимларига ҳужум қилган. Оқибатда икки нафар патруль ходими жароҳат олган”, дейилади Қозоғистон ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

Кейинчалик гумонланувчининг шахси аниқланиб, отишма чоғида жароҳатланади ҳамда тан жароҳати олади. Қўлга олиш жараёнида яна икки нафар полиция ходими тан жароҳати олди.

Бунгача гумонланувчи йўлда шаҳар аҳолисидан шахсий автомобилини тортиб олишга уринган ва унга ўқ узган. Натижада бир нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган. Тан жароҳатлари натижасида уч нафар полиция ходими ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи Қизилўрда туманида яшовчи 27 яшар фуқаро бўлиб, у муқаддам судланган. У ўтган ҳафта қозоғистонлик бошқа бир аёлни ўлдирган бўлиши мумкин.

Ҳозирда шаҳарда энг қаттиқ хавфсизлик даражаси эълон қилиниб, барча полиция ходимлари гумонланувчининг ҳамтовоғини қўлга олишга жалб этилган.

SHARE