Ўзбекистонликлар Туркияда амалга ошмаган тўнтаришга нисбатан қандай фикр билдиришди?

Маълумки, шу йилнинг 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбий тўнтариш амалга ошмади. Туркиядаги ҳарбий тўнтариш оқибатида 190 фуқаро ҳалок бўлди, 100 нафар исёнчи ўлдирилди, 1400 киши жароҳат олди. Мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан 6000 нафардан ортиқ ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари тўнтаришга алоқадорликда айбланиб қўлга олинди.

Хўш, бу воқеа ижтимоий тармоқларнинг ўзбекистонлик вакиллари томонидан қандай кутиб олинди? Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Зафар Омон:

Офарин қардош Туркия халқига!

Қардошларимиз ўз давлатига ва эркин демократик сайловларда сайланган ҳукуматига эга чиқдилар, ўз ватанлари ва фарзандларининг келажаги ва тинчлигини жонлари ва қонлари билан ҳимоя қилдилар. Бутун дунёга ҳақиқий ватанпарварлик, халқ иродаси, мардлик ва бирликни намоён этдилар! Хиёнаткорона ҳужум ва террор мағлуб бўлди. Бу Туркия халқининг ғалабасидир.

Шерзод Қудратхўжаев:

БАЙРОҚНИ БАЛАНД КЎТАРИНГ, ЖАНОБ ЭРДОҒАН. Демак, 2002 ёки 2003 йил эди, Туркия Башбакани (улар Бош вазирни шундай деб атайдилар) Ўзбекистонга расмий ташрифи, мен “АХБОРОТ плюс” кўрсатувининг муаллифи ва бошловчисиман.

Жаноб Эрдоғаннинг протокол хизмати ва тан соқчилари хизмати раҳбари “Улар жудаям чарчаганлар, тунги соат 11 дан ошди, илтимос 10 минутдан кўп суҳбатлашманг” деб илтимос қилишди . Мен индамай кўндим. Бир пайт қароргоҳга жаноб Реджеп Эрдоған кулиб кириб келди, узоқдан менга қараб қўл узатди, маҳкам сиқди қўлимни. Шунда ман турк тилида айтдим: Женаб Эрдоган, тун ўлса ҳам асла юрилмадинизми? Яъни, кеч бўлса ҳам чарчамадизми? Шунда у жиддий тортиб: “Сенда генж(ёш), бенда генж, иккимиз юрилмаймиз деб жавоб берди… Суҳбатимиз 12дан беш дақиқа ўтганида тугади… Шахсан жаноб Президент ярим тунда қароргоҳларидан мени кузатиб қўйдилар… Тан соқчилари ҳам ҳурматни жойига қўйдилар… Ўша-ўша шу сиёсатчини кузатаман ва ёқтираман, асло чарчаманг жаноб Эрдоған… Ҳали ҳаммаси олдинда!

Сардор Салим:

Султон Эрдоған Муҳташамга қарши тўнтаришни интизорлик билан кутдим демайман-у, лекин муваффақиятли тугалланишидан қандайдир умидвор эдим. Фикримча, бундай натижа Туркия (ва бутун Яқин Шарқ/Марказий Осиё) мусулмонлари учун узоқ муддатда хайрлироқ бўлар эди. Нега?

АКП (ва Эрдоган) 2002 йилда ҳокимиятга келиши, илк даврларда улар амалга оширган ижобий хатти-ҳаракатлари аксарият аҳолиси мусулмон бўлган ўлкада янгича сиёсат, ижобий ўзгаришлар цивилизованний йўл билан мумкинлиги ҳақида қандайдир ишонч ва умид пайдо бўлишига олиб келди. Афсус, тезда бу умид яна пессимизм билан алмашди, чунки Эрдоганни муваффақиятлардан боши айланиб кетди. Ўзини эл қатордаги депутат ва тенглар орасида биринчи эмас, буюк Усмонийлар султони деб кўра бошлади. Сиёсати ҳам шунга яраша ўзгарди. АКПни ҳокимиятга келишга ёрдам берган шериклари билан жанжаллашди, партияни тозалади ва фақатгина унга содиқ “итоаткорлар” билан ишлади.

Эрдоған ва унинг яқинлари аралашган коррупция ишлари ҳақида гапирмайман ҳам. Эрдоган чексиз ҳокимиятни қўлга киритиш учун ҳаттоки Конституцияни ўзига мослаштиришдан, ва бунинг натижасида йиллардан бери сақланиб келган кучлар мувозанатини бузишдан ҳам воз кечмаяпти. Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги “тўнтариш” ҳам Эрдоган учун суперпрезидентликка йўл очиш мақсадида атайлаб уюштирилган бўлиши мумкин. Эрдоғанни мухолифатга бўлган муносабати, озод медиани уйдурма баҳоналар билан тор-мор этиши ҳам ҳеч қандай Ислом нормаларига тўғри келмайди. Хуллас, 2000 йилларни бошларида Ислом олами мақтана оладиган оз сонли “муваффақият намояндасидан” бири сифатида бошлаган Туркия бугунги кунга келиб “ҳар доимгидек” сиёсатнинг намунаси бўлиб қолди. Менинг Эрдоганга асосий эътирозим шу.

Энди, Султон Эрдоганнинг кўпгина ўзбеклар, айниқса диндорроқ ёшларга бўлган жозибадорлиги нимадан иборат эканлиги ҳақида. Шоир Манделштам “Мы живём, под собою не чуя страны” деб ёзган эди 1937 йилда, Сталин шахсига сиғинишни авжига олаётганини назарда тутиб. Ҳозир ҳам аҳолимизнинг муайян қатламида шундай қаттиққўл, Ислом умматини Ғарбдан қутқарадиган одил ва фозил Ислом ҳукмдорига қандайдир талаб пайдо бўлаяпти ва биз буни пайқамаяпмиз. Шу талаб Эрдоганнинг гўёки “Исломий сиёсати” билан қондирилаяпти. Фарқи йўқ, бу “Исломий сиёсат” ғирт популизмдан (ҳижобга руҳсат, жума намозга чиқишга алоҳида вақт ажратиш каби) иборат бўлса ҳам. Афсус, бундай юзаки, масса учун мўлжалланган чоралар Ислом уммати учун аслида муҳимроқ бўлмиш масалаларда (демократия, Инсон ҳуқуқлари, медиа озодлиги каби) ортга чекинишни яшириб қўяябди.

Яна бир твиттер фойдаланувчиси эса шундай ёзади: “Тунни қарийб бедор ўтказдим, Туркияга бефарқ эмас эканман, тинчигани рост бўлсин!”

Бошқа бир твиттер фойдаланувчиси эса “Туркиядаги барча сиёсий кучлар ва оддий одамлар тунги исёнга қарши гапиряпти.Туркия ўз йўлини танлаган. Сиз истаган йўлда танламагани учунн узр” деб ёзади Туркиядаги ҳарбийларни қўллаб-қувватлаган ўзбекистонликларга.

 

SHARE