Францияда яна теракт содир этилди: ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонлик йўқ

    Шу йилнинг 14 июль куни кеч соат 22.30 (маҳаллий вақт)да Франциянинг Ницца шаҳрида террористик акт содир этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу мудҳиш жиноят оқибатида 84 нафар киши ҳалок бўлди, 50 нафардан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олди. Улардан 18 нафарининг аҳволи жуда оғир ҳолатда.

    Маълум бўлишича, “қуролланган” террорист юк машинасида Бастилия куни муносабати билан ташкил этилган мушакбозликни томоша қилишга чиққан оломон орасига бостириб кирган. У машинани зигзаг усулида ҳайдаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган.

    Франция президенти Франсуа Олланд мамлакат янги трагедия гирдобида қолганини айтди.

    Теракт ижрочисининг шахси ёнида олиб юрган ҳужжатлар орқали аниқланди. У асли тунислик бўлиб, 1985 йилда туғилган. Аввалроқ у қурол олиб юрганлик ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликка тортилган, аммо улар террорчиликка алоқадор бўлмаган.

    Ҳужумни уюштиришда қўлланилган юк машинаси ижарага олинган. Террорчининг ёнидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, тўппонча ҳамда ўқотар қуролнинг бир нечта ясама нусхаси ва гранат топилган.

    BBC Ўзбек хизматининг Париждаги Ўзбекистон ваколатхонаси вакилларига таяниб маълум қилишича, терак оқибатида ҳалок бўлган ёки жароҳатланган ўзбекистонлик ҳақида маълумотлар йўқ. Улар айни пайтда Франция ҳукумат идоралари билан яқиндан иш олиб боришмоқда.

    SHARE