Фарғоналик Ҳувайдо Умарова 121 ёшни қарши олди

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Қорақум маҳалласида истиқомат қилаётган 121 ёшли Ҳувайдо Умарова ҳақида эшитган борки, момони зиёрат қилишга ошиқади. Келини Дилором аянинг ҳар тонги дарвозани катта очиб, ҳовли ва кўчани супуриш, меҳмонларга жой ҳозирлашдан бошланади.

Ҳувайдо момони гўё тирик тарих дейсиз. Колхозлаштириш даври, қулоқлаштириш йиллари, уруш машаққатлари, совуқ ўлкаларга сургун, машъум қатағон воқеаларининг барчасини яхши эслайди.

– Кечаси буғдой ўриб, кундузи ғўза чопиқ қилганмиз, – дейди момо. – Иш ҳақига бир пиёла маккажўхори ёки оқшоқ бериларди. Тушликда овқатни ишингизга қараб, чўмичда ўлчаб берарди. Яхши ишласанг, уч чўмич овқат тегарди. Бу жуда катта бахт эди. Жамики ўсган гиёҳни қовуриб, зоғора нон билан қўшиб ейиш… қаҳатчилик, очарчилик азоблари устига “халқ душмани” деган тамға билан не-не умрлар завол кетди. Қўйинг, у кунларни эслатманг, болам.

Катта Фарғона каналини қазишда қатнашган, Иккинчи жаҳон уруши пайтида 9 гектар ернинг ғўзасини ўзи суғориб, ҳар куни 250 килограммдан пахта терган бу онахоннинг қўлларидаги қадоқ ўша даврлардан хотира бўлиб қолган.

Момо ҳаёт мактаби тарбиясини кўп олган. Шу ёшда ҳам хотираси тиниқлиги, гапга чечанлиги, аскияга мойиллигига қойил қолиш керак. Баъзан кутилмаган саволлар билан суҳбатдошини ҳам шошириб қўяди. Ҳамиша тилида-ю дилида дориломон кунлар шукронаси.

– Болам, меҳнатдан қочмаган, кам ухлаб, кам гапирган одам қаримайди, – дейди Ҳувайдо момо. – Яна ҳалол яшаб, тўғри ҳаёт қуриш, покиза кун кечиришда ҳикмат кўп. Менинг узоқ умр кўришимнинг асосий сабаби, кексалигим бугунгидай тинч-осойишта замонларга тўғри келганида-да! Етти қават кўрпачада эрка бўлиб ўтирибман. Доим яхши ниятда бўлганман. Яхши ният одамни ҳар қандай қийинчилик, машаққатлардан омон олиб ўтади, яхши даврларга етказади.

Умри далада ўтганиданми, ҳали-ҳамон тетик, невара келинларнинг ёнига кириб, томорқа юмушларига андармон бўлгиси келади.

Қариси бор уйнинг – париси бор, дейдилар. Меҳмонга мунтазир файзу фариштали бундай хонадоннинг қайноқ кўк чойи, иссиқ нони, тансиқ таоми ҳамиша дастурхонда туради. Остонаси ҳамма вақт покиза, саранжом-саришта турадиган ҳовли янги тушган келинчакдек ибо-ҳаё билан кулиб туради. Энг муҳими ва асосийси, нурли сиймолар аждодлар ва авлодлар ўртасидаги мустаҳкам ришталарни боғлаб турувчи меҳригиё.

Байрамларда совға-салом кўтариб, онахоннинг дуосини олишга келувчилар кўп. Эътибор-эъзоз туфайли момо иззат-ҳурматда яшамоқда.

Момо дунёга тинчлик, элу юртга фаровонлик, ёшларга бахту камол тилаб дуо қилди ва пинжига кириб олган чеварасини бағрига босганча қуйидаги гапларни қайта-қайта такрорлади: Ҳеч қачон уруш бўлмасин. Юртимиз тинч, элимиз омон бўлсин.

Маъсуджон Сулаймонов,

Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

SHARE