Тошкентда “Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 10 сабаб” янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентда «Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 10 сабаб» коллекцион нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Газета.uz сайтининг ёзишича, инглиз ва рус тилларидаги фотокитоб Dinara & Co. нашриёт компанияси томонидан Murad Buildings девелоперлик компанияси кўмагида тайёрланган бўлиб, мамлакатнинг сайёҳлик имкониятларига халқаро аудитория диққатини жалб қилишга қаратилган.

Совғабоп китоб 304 нусхада чоп этилди. Унда мазкур лойиҳа учун сўнгги 15 йил давомида махсус тайёрланган архив кадрлар жамланган бўлиб, фотосуратларда оммавий ва кам танилган йўналишлар ва ҳодисалар акс эттирилган.

Китобда суратлари бир неча бор National Geographic`нинг «таҳририят танлови»га сазовор бўлган фотосуратчи Эрнест Куртвелиевнинг мамлакат миллий колоритини ифода этган 250дан зиёд ишлари ўрин олган.

Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 10 сабабдан ташқари, китоб мамлакатга йилнинг ҳар қандай вақтида келиш учун сабабларни тақдим этувчи ҳодисалар календарини ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистон архитектураси, концептуаль ва амалий санъати, ошхонаси, саноати, бизнес ва инвестицион салоҳиятига бағишланган шу каби асарлар туркумини чоп этиш режалаштирилмоқда.

SHARE