Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ўзбекистонга ташриф буюради

    23-24 июнь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раислиги остида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 15-юбилей йиғилиши бўлиб ўтади.

    Душанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлигида бўлиб ўтган брифингда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари: Хитой Халқ Республикаси — Раис Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси — Президент Алмазбек Атамбаев, Қозоғистон Республикаси — Президент Нурсултон Назарбоев, Россия Федерацияси — Президент Владимир Путин ва Тожикистон Республикаси — Президент Эмомали Раҳмон ўзининг йиғилишда иштирок этишини расман тасдиқлагани маълум қилинди.

    Кузатувчи-давлатлар номидан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Мўғулистон Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ва Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф иштирок этади. Раислик қилувчи давлат меҳмони сифатида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов таклиф этилган.

    Йиғилишда, шунингдек, ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев ҳам қатнашади.

    Ҳамкор халқаро ташкилотлар раҳбарлари: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиб Сергей Лебедов, Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа, АСЕАН бош котиби Ле Лионг Мин ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ижрочи директори Гун Цзяньвэй ҳам ШҲТ саммитида қатнашишини тасдиқлади.

    Ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Носировнинг маълум қилишича, Тошкентдаги саммитда жами бўлиб 1000 нафарга яқин ШҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл ОАВ вакиллари иштирок этади.

    Саммитда давлат раҳбарлари ШҲТ доирасида кўп режали ва ўзаро самарали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиб, долзард минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашади.

    Давлат раҳбарлари учрашувларининг асосий якуний ҳужжати сифатида ШҲТнинг ўн беш йиллик декларацияси қабул қилинади. Унда ташкилотнинг ўн беш йиллик фаолиятига баҳо берилиб, аъзо давлатларнинг ШҲТни ривожлантириш учун илгари сурган нуқтаи назарлари, шунингдек, жорий халқаро ва минтақавий вазиятларга нисбатан позициялари ўрин олади.

    Давлат раҳбарлари 2016-2020 йилларда 2025 йилга қадар ШҲТни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракат режаси ҳамда ШҲТни ривожлантириш ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ҳужжатларни ҳам имзолайди.

    SHARE