Хитой раҳбари Ўзбекистон парламентида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон парламенти тарихидаги бундай илк амалиёт нимадан далолат беради?

 

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 21 июнь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, долзарб минтақавий ва халқаро сиёсий масалалар муҳокама этилади.

Ташриф дастурида Хитой Раисининг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлаши ҳам кўзда тутилган.

Ташриф якуни бўйича Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёнотини қабул қилиш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган битимлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлисида иштирок этади.

Ушбу хабарда кўпчиликнинг эътиборини тортган жиҳат, албатта, Хитой раҳбарининг парламентдаги нутқ сўзлашидир. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон парламенти тарихида бундай амалиёт камдан-кам учрайди.

Айрим экспертларнинг фикрича, бу, аввало, Ўзбекистон ўз ташқи иқтисодий фаолиятини жадал диверсификация қилаётгани билан боғлиқдир. Гап шундаки, шу пайтга қадар Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ва инвестиция ҳамкори эди. Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 900 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 85 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткич 7,9 фоиз ошган. Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Кейинги йилларда Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси 6 миллиард доллардан ошган. Ўтган йили бу кўрсаткич 2014 йилдагига нисбатан 40 фоиз ўсган.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2015 йилда 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестицияси ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошди. Бу йўналишда Хитой Россияни ортда қолдирди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда бу ўзига хос “ҳурмат белгиси” бўлиши ҳам мумкин.

Иккинчидан, сир эмас, сўнгги йилларда Хитойнинг иқтисодий экспансияси ҳақида матбуотда турли чиқишлар, фикрлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, Хитой билан умумий чегарага эга бўлган давлатларда Хитой бу мамлакатларни нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки уларнинг ерларини ўзлаштириб олиши мумкинлиги хавотирга солмоқда. Масалан, Қозоғистондаги ер ислоҳотига нисбатан жорий қилинган мораторий замирида ҳам айнан Хитой экспансиясидан хавфсираш ётган эди. Хитой раҳбари Ўзбекистон парламентидаги чиқиши шу жиҳатдан Хитой ташқи сиёсатидан кўзланган мақсадни тушунтириш, гегемония ва бошқа империалистик ғоялардан холи эканлигини таъкидлашга қаратилиши шубҳасиз.  Қолаверса, Хитой раҳбари ўзининг “Бир йўл, бир камар” концепциясини тушунтиришга ҳам алоҳида урғу бериши турган гап.

Учинчидан, Ўзбекистон ва Хитой стратегик шерик мақомига эга мамлакат ҳисобланади. Халқаро масалаларда, қолаверса, турли баҳсли мавзуларда Ўзбекистон Хитойни, Хитой Ўзбекистонни очиқча қўллаб-қувватлаб келади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Хитой раҳбарининг Ўзбекистон парламентида чиқиш қилишини ҳар томонлама ўйланган қарор деб қабул қилиш мумкин.

SHARE