Қозоғистон авиакомпаниялари “ЭКСПО-2017” доирасида Ўзбекистон тарихий шаҳарларига янги авиапарвозларни йўлга қўяди

Қозоғистон авиакомпаниялари “ЭКСПО-2017” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси чоғида Остонадан Ўзбекистоннинг қатор сайёҳлик марказларига янги авиапарвозларни амалга оширишни режалаштираяпти.

Sputnik агентлигининг Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаевга таяниб маълум қилишича, бу ташаббус соҳа вазирлик ва компаниялари ўртасида муҳокама қилинган. Хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Бухорога парвозлар йўлга қўйилиши мумкин.

“Бу ўзига хос сайёҳлик лойиҳаси бўлади. Биз, Бутунжаҳон кўргазмасига 5-6 миллион киши келишини тахмин қиляпмиз. Уларнинг аксар қисми, албатта Ўзбекистоннинг дунёга машҳур сайёҳлик марказларига боришни хоҳлашади. Шу боис, уларга бу имкониятни тақдим этиш истагидамиз”, — деган қозоқ элчиси Утембаев.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси бу ғояни фаол қўллаб-қувватлаган. Ўзбек томони, музокаралар чоғида икки давлат туроператорларининг ҳаракатларини уйғунлаштириш ва “ЭКСПО-2017” кўргазмаси давомида чегарадан ўтиш жараёнини бирмунча соддалаштириш таклифини катта қизиқиш билан қабул қилган.

Мамлакатлар вакиллари, шунингдек, темирйўл соҳасида ҳам ҳамкорликни фаоллаштириб, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир неча шаҳарлари ўртасида поездлар қатновини йўлга қўйиш ниятида.

SHARE