Қозоғистонда юз берган қуролли отишма натижасида 17 киши ҳалок бўлди

Қозоғистоннинг Оқтўбе шаҳрида 5 июнь куни бир гуруҳ қуролланган шахслар томонидан террористик ҳужум уюштирилди.

Дастлабки расмий маълумотларга кўра, қонли тўқнашувлар натижасида 17 киши ҳалок бўлган. Улардан 11 нафари террорист, уч нафари ҳарбий, бир нафар маҳаллий қўриқлаш хизмати ходими ҳамда “Паллада” қурол дўкони сотувчиси ҳамда яна бир нафар бошқа бир дўкон сотувчиси ҳалок бўлган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, 22 нафар киши турли даражада тан жароҳати олган.
Хабарларда айтилишича, 5 июнь куни соат 14.28 да бир гуруҳ диний радикаллар (Tengrinews.kz шундай таъриф берган) қурол-яроғ эгаллаб олиш учун “Паллада” қурол магазинига ҳужум қилган. Ўз вақтида қўриқлаш сигналини ишга туширган дўкон ходимига жиддий тан жароҳати етказилган. У воқеа жойида ҳалок бўлган.

Дўконга етиб келган хусусий қўриқлаш хизматининг икки нафар ходимидан бири ўлдирилган, иккинчиси эса ярадор қилинган. Магазинган етиб келган полиция ходимларидан уч нафари ҳам тан жароҳати олган. Жиноятчилар патруль машинасини эгаллаб олган.

Қурол дўконидан 17 дона ўқотар қурол ўғирланган. Уларнинг барчаси ов қуроллари бўлган. Шундан сўнг жиноятчилар икки гуруҳга бўлиниб, уларнинг бири бошқа “Пантера” қурол дўконига ҳужум қилган. Полиция билан бўлиб ўтган отишмада 3 нафар жиноятчи йўқ қилинган, бир нафари жароҳатланган, яна икки нафари эса воқеа жойидан яширинган. Иккинчи гуруҳ жиноятчилар йўловчи автобусини тўхтатиб, ундан йўловчиларни тушириб юборади ҳамда Миллий гвардия биносига ҳужум қилган. Тунги тезкор-қидирув тадбири натижасида яна бир 5 нафар жиноятчи йўқ қилинган, икки нафари эса қўлга олинган. Ҳозирда барча жиноятчилар шахси аниқланган.

Расмийларга кўра, ҳозирда ҳудудда барқарор вазият ҳукм сурмоқда.