Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистоннинг 20 га яқин акциядорлик жамиятларидаги давлат улушини харид қилади

    Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 16 май куни “Корея Республикаси билан савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақида газета.uz сайти Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказига таяниб хабар қилди.

    Ҳужжатда қайд этилишича, 27-29 апрель кунлари Сеулда Корея фонд биржаси билан ҳамкорликда ўтказилган Ўзбек-корейс бизнес форуми якунлари бўйича истиқболли инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат улушлари ва хўжалик бошқарув органлари (АЖ шаклидаги хўжалик бирлашмалари)ни корейс инвесторларига сотиш бўйича битим ва келишувларга эришилди.

    Жумладан, Сеулда 2016 йил давомида «Ўзтемирйўлконтейнер» (15% 4,5 млн АҚШ долларига), «Сарбон нефтьгаз» (51% 3,8 млн долларга), «Ўзқишлоқхўжаликмаш-лизинг» (15% 7,8 млн долларга), «Ховренко номидаги Самарқанд вино комбинати» (20,18% 2,6 млн долларга), «Равнақбанк» (15% 0,5 млн доллар) ва яна тўртта АЖ устав капиталидаги давлат улуши ва хўжалик бошқарув органларини етакчи корейс компанияларига сотиш тўғрисидаги якуний битим имзоланди.

    Бундан ташқари, Ўзсаноатқурилишбанк (15% 63,6 млн доллар эвазига), «Асакабанка» (15% 58 млн долларга), «Алоқабанк» (47,54% 42,7 млн долларга), «Ўзэкспомарказ» (38,3% 24,9 млн долларга) , «Халқаро ҳамкорлик маркази» (29,9% 32,2 млн долларга) ва яна тўртта АЖ устав капиталидаги банклар улушларини етакчи корейс компанияларига сотиш бўйича меморандум ва протоколлар имзоланди. Мазкур ҳужжатларни 2016 ва 2017 йиллар давомида амалга ошириш белгиланди. Кўрсатилган муддатда хорижлик инвесторларга сотилмаган улушлар оммавий савдоларга чиқарилади.

    Қарор билан 2015 йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестицион форумда эришилган шартномалар якунлари бўйича давлат активлари, хўжалик бошқарув органлари ва хўжалик жамиятларини сотиш бўйича чора-тадбирлар режасининг тегишли топшириқлари ўз кучини йўқотган деб топилди.